АҚШ Олий суди президент Байденнинг мажбурий эмловга оид фармонини бекор қилди

Эмловдан ўтаётган америкаликлар

АҚШ Олий суди 13 январь куни ўрта ва йирик (100 нафар ва ундан ортиқ ходим ишлайдиган) ширкатлар ходимларининг COVID-19 га тест топшириши ёки мажбурий эмловдан ўтиши бўйича президент Жо Байден томонидан аввал берилган мандатни блоклаб қўйди.

Мазкур талаб федерал бюджетдан молиялаштириладиган тиббиёт муассасаларигагина дахлдор бўлади, холос.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Миссуридаги федерал маҳкама томонидан чиқарилган ҳукм қуйи инстанция суди томонидан бекор қилиниши ортидан Оҳайо штати ва Мустақил бизнес миллий федерацияси бошчилигидаги даъвогарлар гуруҳи OSHA (Техника хавфсизлиги ва меҳнат гигиенаси федерал бошқармаси) буйруғини блоклаб қўйиш илтимоси билан Олий судга мурожаат қилган.

Жорий йилнинг 7 январь куни судьялар маҳкамада иштирок этаётган томонлар далилларини тинглаганлар. “Америка овози” хабарига кўра, судьялар бу борада ягона қарорга келолмаганлар. Улардан консерватор ҳисобланмиш олти нафари мандатнинг блокланишини ёқлаган, либерал қарашдаги уч судья бунга қарши овоз берган.

“Федерал ҳукумат авваллари ҳеч қачон бунга ўхшаш иш қилган эмас”, деган Олий суд судьяси Жон Робертс. Айни пайтда судья Елена Каган Оқ уй адвокатлари томонидан илгари сурилган “коронавирус юқишини эмловдан бошқа ҳеч қанақа сиёсат олдини ололмайди”, деган важга эътибор қаратган.