АҚШ Россиянинг Марказий банки ва бошқа молиявий институтларига қарши санкция жорий қилди

Қўшма Штатлар Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан Россия банки, Россия Молия вазирлиги, Миллий фаровонлик жамғармаси (МФМ - ФНБ) ҳамда Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди (РТИФ), унинг раҳбари Кирилл Дмитриевга қарши санкциялар жорий қилди. Янгиланган санкция рўйхати АҚШ Молия вазирлиги сайтида эълон қилинган.

Россия Марказий банки ва МФМ мазкур санкциялар туфайли АҚШдаги мулклари ёки доллардаги активларини олиш имконидан маҳрум бўлади. Энергия ташувчилар етказиб бериш билан боғлиқ айрим транзакциялар санкцияга киритилган эмас.

Аввалроқ Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳам Россия Марказий банкига қарши шу каби чораларни қўллаган эди.

Ҳисоб-китобларга кўра, Россия банки валюта захираларининг қарийб ярми АҚШ доллари ва еврода сақланади (25 февраль ҳолатига кўра мазкур сумма тақрибан 500 миллиард долларга тенг бўлган). 28 февраль куни Москва биржасидаги савдоларда доллар курси 100 рублдан пастроққа тушган.

Душанба куни Россия президенти Владимир Путин иқтисодий муассасалар ҳамда Марказий банк раҳбарлари билан йиғилиш ўтказган. Ўзининг кириш сўзида Путин худди Украинага қарши ҳарбий амалиёт бошланишини эълон қилган мурожаатида бўлгани каби Ғарбни “ёлғон империяси” деб атаган. Йиғилишда олинган қарорлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Марказий банк раҳбари Эльвира Набиуллина Россиянинг Молиявий ахборот узатиш тизими SWIFT халқаро тизимининг ўрнини босиши мумкинлигини билдирган. Аввалроқ Россиядаги қатор банклар SWIFT тизимидан узилиши ҳақида хабар қилинганди. Набиуллина Россия банкига қарши санкциялар уни рубль курсини дастаклаш учун валюта интервенцияси ўтказиш имкониятини чеклаб қўйганини ҳам эътироф этган.