АҚШ: Россия Украина чегарасига яна камида 7 минг аскарни жойлаштирди

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.

Оқ Уй Кремль Украина билан чегарадош ҳудудларда аскарлар сонини кўпайтираётгани тўғрисда баёнот берди. Шундан келиб чиққан ҳолда Вашингтон Москванинг Украина чегарасидан ҳарбийлар олиб чиқиб кетилаётгани тўғрисида берган хабарини “ёлғон” деб атади.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ҳам 17 февраль куни: “Россия Украина билан чегарадош ҳудудларда ҳарбий куч тўплашни кучайтираётганга ўхшаяпти”, -деб айтди.

Оқ Уйнинг исми сир қолишини истаган юқори лавозимли расмийси АҚШ матбуотига берган маълумотида 16 февраль куни “Россия Украина билан чегарага яна камида 7 минг аскарни жойлаштиргани” ҳақида гапирди.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россиянинг Украинага чегарадош ҳудудлардан ўз ҳарбий кучларини олиб чиқиб кетаётгани тўғрисидаги баёноти исботланмаганини таъкидлади:

- Биз кучлар олиб чиқиб кетилаётганини кўрмаяпмиз. Россия президенти Владимир Путин исталган пайтда тўппонча тепкисини босиши мумкин. У тўппончасини бугун ёки эртага ёки кейинги ҳафтага чиқариши мумкин, - деди Блинкен 16 февраль куни ABC News телеканалига берган интервьюсида.