АҚШ ва Россия икки томонлама муносабатлар тўғрисида, шу жумладан элчихоналар ишларини изга солиш юзасидан 27 февраль куни Истанбулда музокара ўтказади. Бу ҳақда 26 февраль куни АҚШ Давлат департаменти ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилишган.
Тадбир Туркия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳам тасдиқланган. Маълумотларга кўра, учрашув кун тартибида Украинадаги уруш мавзуси йўқ.
Аввалроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио АҚШ ва Россия Москва ва Вашингтондаги элчихоналар штатини тиклашга оид келишувга эришганлари ҳақида маълум қилганди. Элчихоналар чекланган тартибда фаолият юритишмоқда, Россиядаги АҚШ консулхоналарининг барчаси эса дипломатларни ўзаро мамлакатдан чиқариб юборишлардан кейин ўз ишини тўхтатиб қўйишган эди.
2023 йил октябри ҳолатига АҚШ 225 нафар россиялик дипломатни бадарға қилган. Россия бошқа Ғарб мамлакатлари қаторида Вашингтонга Россия фуқароларини ишга ёллашни тақиқлаб қўйган — бу ходимлар элчихона штатининг 70 фоизигача ташкил қилган.
Бундан ташқари, АҚШ Россиянинг Вашингтондаги янги элчиси Александр Дарчиев номзодини ҳалигача тасдиқлаган эмас. Ўз навбатида, Вашингтон Оқ уйда маъмурият алмашганидан кейин Россиядаги янги элчисини тайинламаган. Маълумотларга кўра, янги элчи АҚШнинг Ўзбекистондаги, Грузиядаги ва Ливиядаги собиқ элчиси Ричард Норланд бўлиши мумкин. У АҚШнинг Москвадаги элчихонасида 1988-1990 йилларда ишлаган.