АҚШда юк машинаси ўнлаб одамни босиб кетди

Янги Орлеандаги воқеа содир бўлган жойга яқин ер, 2025 йил 1 январи

АҚШ жанубидаги Луизиана штатининг Янги Орлеан шаҳрида юк машинани шаҳар марказида Янги йилни нишонлаётган оломон устига юриши натижасида камида 10 киши ҳалок бўлган, 30 дан зиёд одам яраланган. Юк машинаси ҳайдовчиси одамларга қарата ўт очиб, полиция билан ҳам отишмага киришган, пировардида икки нафар полициячи яраланган.

Полиция вакиллари юк машинасининг одамлар устига ҳайдалиши имкон қадар кўпроқ кишига зарар етказиш мақсадида режаланган ва қасддан амалга оширилган иш бўлганини расман тасдиқлашган.

Луизиана штати губернатори Жефф Лэндри содир бўлган воқеани “мудҳиш зўравонлик ҳодисаси” деб атаган, Янги Орлеан мэри ЛаТойя Кэнтрелл эса уни “теракт” дея баҳолаган.

Гумонланувчи АҚШ фуқароси бўлган 42 ёшли техаслик Шамсуддин Жаббор исмли шахс. Федерал разведка бюроси (ФРБ) теракт моддаси бўйича ишни тергов қилмоқда.

Воқеа жойида қўлбола портлаш мосламалари топилган. Мутахассислар уларнинг портлашга яроқли бўлиб-бўлмаганини аниқлашмоқда. Бундан ташқари, CNN манбалари маълумотига кўра, автомобилда “Ислом давлати” террор гуруҳининг байроғи топилган.

ФРБ гумонланувчининг муҳтамал шериклари бор-йўқлигини, шунингдек, унинг сиёсий ва диний қарашлари ҳамда террор ташкилоти билан алоқаларини ўрганишмоқда.

Фожиа Янги Орлеан шаҳри марказидаги одам гавжум бўлган кўчалардан бири – Бурбон-стритда содир бўлган.