Россиянинг Пермь вилоятида беш киши ароқдан заҳарланиб ўлди

Тергов қўмитаси қўлбола ароқ сақланаётган омборхонани текширмоқда.

Россиянинг Пермь вилоятида беш киши қўлбола ароқдан заҳарланиб вафот этди. Тергов қўмитасининг 18 ноябрда маълум қилишича, ўлганлардан уч нафари бир оила аъзоси, икки нафари эса уларнинг қўшниси бўлган. Мазкур ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Шу куни полиция Қозон шаҳрида заҳарли техник спирт ҳисобланган метанолдан қўлбола ароқ ишлаб чиқарган икки киши қўлга олинганини билдирди.

Бундан 2 кун олдин шаҳарда 15 талаба қўлбола ароқдан заҳарланиб касалхонага ётқизилган эди. Улардан уч нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Ўтган ойда Свердлов, Курган ва Оренбург вилоятларида қўлбола ароқдан камида 70 киши ўлгани хабар қилинган.