Австрия жанубидаги Филлах шаҳрида ўтган шанба куни кўчада одамларга пичоқ билан ҳужум содир этилгани оқибатида 14 яшар ўсмир ҳалок бўлди. Reuters агентлигининг хабар қилишича, ҳужум чоғида 15 ёшдан 39 ёшгача бўлган яна беш киши яраланган, улардан уч нафари жонлантириш бўлимида ётибди, икки нафари эса енгил жароҳат олган.
Ҳужум қилган шахс ҳибсга олинган. Полиция унинг исмини ошкор қилаётгани йўқ, бироқ унинг Австриядан бошпана сўраган 23 ёшли суриялик эканини маълум қилган.
Австрия ички ишлар вазири Герхард Карнер ҳужумчи дунёнинг кўплаб мамлакатларида террор ташкилоти деб топилган “Ислом давлати” гуруҳи тарафдори бўлганини билдирган. Карнер маълумотига кўра, ИД уни интернет орқали ўзи тарафига оғдириб олган. Авваллари у ҳеч қачон полиция эътиборини ўзига тортган эмас, деган ИИВ раҳбари.
Полиция ҳодисани радикал исломчи томонидан содир этилган террор хуружи ўлароқ баҳоламоқда. Австрия ўнгчи партиялари вакиллари миграция тартиб-қоидаларини кучайтиришни талаб қилишган.
“Австриядаги эркин сурияликлар ҳамжамияти” ҳаракати ижтимоий тармоқларда терактни қатъий қоралаб, баёнот тарқатди ва ҳалок бўлган ўсмирнинг яқинларига таъзия изҳор қилди.
Associated Press агентлиги қайдича, Австрияда радикал исломчилар томонидан терактлар камдан-кам содир этилади. Улардан энг шов-шувлиси 2020 йилда содир бўлган, ўшанда “Ислом давлати”га қўшилмоқчи бўлган киши кўчада тўрт кишини ўлдирган ва қўлга олиш чоғида полиция томонидан отиб ўлдирилган эди.