Қирғизистоннинг Чуй вилоятида Ўзбекистон билан ҳамкорликда автомашина ишлаб чиқарувчи завод қуриш бўйича инвестициявий лойиҳа 15 март куни қирғиз парламенти томонидан ратификация қилинди.
Чуй вилоятининг Оқсув қишлоғида автомашина заводини қуриш бўйича келишувга президент Шавкат Мирзиёевнинг 27 январда Бишкекка қилган сафари доирасида қўл қўйилган эди.
Қирғиз ҳукуматининг билдиришича, мазкур лойиҳа уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда йилига 10 минг автомобиль йиғилади ва 500 ишчи ўрни ташкил этилади. Иккинчи босқичда йилига 20 минг автомашина ишлаб чиқарилади ва 1000 киши иш билан таъминланади. Учинчи босқичда кейинги олти йил ичида автомобиль ишлаб чиқаришни 30 мингтага етказиш назарда тутилган.
14 март куни Қирғизистон иқтисодиёт вазири ўринбосари Айнура Усенбекова Ўзбекистон билан ҳамкорликда қуриладиган завод июль ойидан бошлаб ишга туширилишини билдирган эди. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 50 миллион долларга баҳоланмоқда.