Бағдод марказида содир бўлган портлашларда 30 дан зиёд одам ҳалок бўлди

Портлаш содир бўлган жой, Бағдод, 2021 йил 21 январи

Ироқ пойтахти Бағдодда содир бўлган икки портлаш натижасида камида 32 киши нобуд бўлди, 110 киши яраланди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Расмийларга кўра, шаҳар марказидаги кийим-кечак бозорида портлаш мосламасини террорчи худкушлар ҳаракатга келтирган.

Ҳодиса жойига етиб борган журналистлар у ерда қон излари ва сочилиб ётган пойабзалларни кўрганлар. Исмини айтмаган савдогарлардан бири ўзини портлатиб юборган шахс ерга ётиб олиб, қорни оғриётганидан шикоят қилгани, кейин детонатор тугмасини босиб юборганини айтган.

Ироқ Фуқаро мудофааси раҳбари Кадхим Салмон журналистларга ҳужумлар ортида “Ислом давлати” террор гуруҳи турган бўлиши мумкинлигини айтган.