Байден ҲАМАСни террорчи деб атади ва АҚШ Исроилни қўллашини билдирди

Байден нутқи давомида бир неча марта АҚШ Исроилни қўллашини айтди.

АҚШ президенти Жо Байден Оқ Уйда ҲАМАС- Исроил зиддияти бўйича баёнот берди. Байден ўз нутқида ҲАМАСни террорчи ташкилот деб атади.

Байден фикрича, ҲАМАС Фаластин халқи ҳимоячиси эмас. Бу ташкилот ўз олдига фақат “яҳудийларни ўлдириш” вазифасини қўйган. Байден ҲАМАС ҳужумлари оқибатида мингдан ортиқ киши, жумладан, 14 нафар АҚШ фуқароси ҳалок бўлганини таъкидлади. АҚШ президенти ҲАМАС гаровга олганлар орасида америкаликлар ҳам борлигини қайд этган.

Байден нутқи давомида бир неча марта АҚШ Исроилни қўллашини айтди. Унга кўра, Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан ташқари ўзини ҳимоя қилиш мажбуриятига ҳам эга. Шу билан бир қаторда Байден Нетаняҳуни “уруш қонунларига амал қилиш”га чақирди.

АҚШ президенти Конгрессга Исроилга мудофаа учун қўшимча воситалар ажратиш масаласини Конгресс кун тартибига киритишга ваъда берди. Байден, АҚШ зарурат бўлса, минтақага ҳарбий куч жўнатиши мумкинлигини билдирди. Унинг айтишича, бугунги вазиятда Исроилни қўллаш сиёсат масаласи эмас, балки жаҳондаги, жумладан, АҚШдаги тинчликни сақлаш муаммосидир.

10 октябрь куни яқин кунларда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга ташриф қилиши тўғрисида хабар берилди. У Исроил ҳалқи билан бирдамлик изҳор қилади ҳамда гаровдагиларни озод қилиш бўйича қўлланиладиган чораларни муҳокама қилади.