Байден билан Путин ўртасида телефон мулоқоти ўтказилди

АҚШ президенти Жо Байден (ч) ва Россия президенти Владимир Путин (ў).

АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путин билан телефон суҳбати ўтказган. Унда АҚШ ва Россиянинг қуролланиш устидан назорат ва хавфсизлик масалалари соҳасида стратегик барқарорликка оид мулоқотни давом эттириш дохил минтақавий ва глобал масалалар муҳокама қилинган. Суҳбат чоғида стратегик қуролларни қисқартириш тўғрисидаги шартнома муддатини узайтириш масалалари ҳам сўзлашилган. Бу ҳақда Оқ уй сайти маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, президент Байден Россиянинг киберҳужумлар ва сайловларга аралашиш каби хатти-ҳаракатларига жавобан АҚШ ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш учун қатъийлик билан ҳаракат қилишига очиқ ишора қилган.

Президент Байден АҚШ Украина суверенитети ва унинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш ғоясига ҳеч оғишмай содиқ қолишини таъкидлаган. У оккупация қилинган Қрим ва Украина чегараси яқинида россиялик ҳарбийлар тўплана бошлаганидан ташвиш изҳор қилиб, Россияни таранглик даражасини пасайтиришга чақирган.

Байден Қўшма Штатларнинг Россия билан АҚШ манфаатларига мос равишда барқарор муносабатлар қуриш истагини тасдиқлаб, яқин ойлар ичида АҚШ ва Россия олдида турган барча масалаларни муҳокама қилиш учун учинчи мамлакат ҳудудида икки мамлакат лидерларининг учрашувини ўтказишни таклиф қилган.

Владимир Путиннинг Жозеф Байден билан телефон орқали сўзлашганига оид маълумот Кремль сайтида ҳам ёйинланган. Унда суҳбат АҚШ томони ташаббусига кўра ўтказилгани қайд этилган. Айни пайтда хабарномада “ суҳбат чоғида Россия-АҚШ муносабатларининг амалдаги ҳолати ҳамда халқаро кун тартибининг айрим долзарб жиҳатлари атрофлича муҳокама қилингани” айтилган.

Хабарномада глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим йўналишлари бўйича мулоқотни давом эттиришга ҳар икки тараф тайёр эканини билдирганига эътибор қаратилган. Москва қайдича, бу фақат Россия ва АҚШ манфаатларигагина эмас, бутун дунё ҳамжамияти манфаатларига ҳам мос бўлиши лозим.