Байден: “Россия Украинада геноцидни амалга оширмоқда”

Бучадаги оммавий қабрдан жасадларнинг чиқарилиши (архив сурати)

АҚШ президенти Жо Байден Россия қўшинлари томонидан Украинада тинч аҳолига қарши амалга оширилган жиноятларни 12 апрель кунги чиқишида илк бор геноцид деб атади.

“Мен буни геноцид деб атадим, чунки Путин украин бўлиш имкониятининг ўзини йўқ қилишга уринаётгани тобора аёну равшан бўлиб боряпти. Бунга далил-исбот тобора кўпаймоқда”, дея билдирган Байден.

АҚШ президенти фикрича, Россия Украина аҳолисига нисбатан геноцидни амалга оширяптими-йўқми – бунга оид расмий хулосани ҳуқуқшунослар чиқаради, бироқ Байденга кўра бу геноциддир.

АҚШ расмийлари шу пайтгача Россиянинг Украинада содир этаётган ҳаракатларига нисбатан ҳарбий жиноятлар бирикмасини қўллаб келишиб, уларни геноцид ўлароқ малакалашдан тийилишиб келаётган эдилар. Ўтган ҳафтада президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Украина ҳудудидаги жиноятлар АҚШ ҳукумати томонидан қўлланиладиган таърифга кўра геноцид бўлиб ҳисобланмаслигини айтган эди. Мазкур таърифга мувофиқ, геноцид бирор миллий, этник, ирқий ёки диний гуруҳни йўқ қилиш мақсадида унга қарши амалга оширилган хатти-ҳаракатлардир.

Россияни геноцидда айблаш россиялик ҳарбийлар Украинанинг Буча шаҳрини ишғол қилган пайтда тинч аҳолини қатлиом қилганига оид маълумотлар пайдо бўлиши ортидан бошланди. Улар Буча ҳудудини тарк этишганидан кейин шаҳарда бир қанча оммавий қабрлар топилди. Буча мэрига кўра, 12 апрель ҳолатига шаҳар ҳудудида 403 нафар кишининг жасади топилган, уларнинг россиялик аскарлар томонидан ўлдирилгани тахмин қилинмоқда.