Бекободда тўйда заҳарланган 50дан ортиқ бемор аҳволи "ўртача оғирлик"да қолмоқда

Тошкентда тўй базмида ёзилган дастурхон (иллюстратив сурат)

Бекобод туманидаги тўйлардан бирида 55 киши овқатдан заҳарланиб, шифохонага тушди. Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, 30 -31 март кунлари 55 киши, шу жумладан 6 бола, ич кетиш, қайд қилиш ва тана ҳароратининг ошиши каби симптомлар билан шифохонага ётқизилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига таяниб, Gazeta.uz сайтининг ёзишича, эпидемиологик текширувлар натижасида беморларнинг 28 мартда Бекобод шаҳридаги "Бахт уйи" тўйхонасидаги никоҳ базми ҳамда "Дилдора" номли яна бир тўйхонадаги қиз базмида иштирок этгани аниқланган.

"Беморларнинг умумий аҳволи ўртача оғирликда. 2 нафар беморга қониқарли аҳволда уйларига жавоб берилди. Мурожаат қилган 7 нафар беморга амбулатория шароитида тиббий ёрдам кўрсатилиб, аҳволлари қониқарли бўлгани учун уйларига кетишга рухсат берилди", дея хабар қилади Gazeta.uz нашри.

Kun.uz нашрининг ёзишича, беморларнинг 50 нафари Бекобод шаҳар тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига, 4 нафари туғуруқ бўлимига ва 1 нафари Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти шифохонасига “ўткир гастроэнтерит, овқат токсикоинфекцияси” бирламчи ташхиси билан ётқизилган.

Маълум қилинишича, оммавий заҳарланган беморларни тезкор даволаш ва муаммо сабабини ўрганиш учун вилоятга Республика Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти мутахассилари ва раҳбарлари жалб қилинган.

Расмий маълумотга кўра, 600га яқин одам иштирок этган ҳар икки базмга тумандаги "Нодирбек омад барака" хусусий корхонасига қарашли бўлган "Истиқлол" кафеси ҳозирлаган таомлар дастурхонга тортилган.

Нашрнинг яна қўшимча қилишича, ушбу базмларда иштирок этган меҳмонлар сони ва уларнинг аҳволини ўрганиш учун 136 нафар патронаж ҳамшира ва 50 мутахассис хонадонларни текширишга сафарбар қилинган.

Тўйда аҳолининг оммавий заҳарланиши сўнгги бор 2017 йилнинг сентябрь ойида Бухоро вилоятининг Ромитан туманида кузатилган, ўшанда туман марказидаги “Диёр” тўйхонасида тухум барак истеъмол қилган 166 киши овқатдан заҳарланган эди.

2017 йилнинг май ойида эса Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида 1500га яқин одам музқаймоқдан заҳарлангани қайд этилган. 200га яқин киши шифохонага ётқизилган, улардан 5 нафарининг аҳволи ўт жиддий экани айтилган эди.