Беларусь ҳукумати Гёте институти ҳамда Германия академик алмашувлар хизматининг мамлакатдаги фаолиятини тўхтатишни талаб қилди. Бу ҳақда Германия ТИВ маълум қилган.
“Беларусь томони Гёте институти ва Германия академик алмашувлар хизматининг (DAAD) Беларусдаги бутун фаолиятини тўхтатишга қарор қилганидан афсусдамиз. Бу қадам Беларуснинг халқаро миқёсда яккаланиб қолишига хизмат қилади”, дейилган Германия ТИВ хабарномасида.
ГФР Ташқи ишлар вазирлиги Гёте институти ва DAAD ўнлаб йиллардан бери Германия, Европа ва Беларусь ўртасида маданий ва академик алоқаларни таъминлаб келаётганини эслатган: “Уларнинг воситачилигида беларус олимлари, маданият арбобларининг бутун бир авлоди немис ҳамкасблари билан алоқа боғлаб, улар билан фикр алмашди. Мазкур фаолият Германия ва Беларусни ижтимоий ва маданий жиҳатдан яқинлаштирди”.
Хабарномада Федерал ҳукумат келгусида Беларусь ва Германия ўртасидаги маданий ва ижтимоий ҳамкорликни дастаклашга қаратилган ишларни давом эттириши ҳам урғуланган.
Гёте институти ноҳукумат ташкилот бўлиб, немис тилини оммалаштириш билан шуғулланади. Институт Беларусда 1993 йилдан бери фаолият юритади. DAAD ахборот шуъбаси эса Минскда 2003 йили иш бошлаган.
Европа Иттифоқи ўтган ҳафтада Беларусь ҳукуматига қарши 2020 йил августидаги президент сайловидан кейинги тўртинчи санкциялар туркумини тасдиқлаган. “Қора рўйхат”га 75 нафар жисмоний шахс ва саккизта ширкат киритилган бўлиб, уларнинг ЕИ ҳудудидаги активлари “музлатилади”.
ЕИ ортидан АҚШ, Канада ва Буюк Британия ҳам Лукашенко режимига алоқадор жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар жорий қилган.