Ҳозирда хориж давлатларидан бирида яшаётган беларусь мухолифатчиси ва президентликка собиқ номзод Светлана Тихановская Минск суди ҳукуми билан сиртдан 15 йилга қамалди ва 11,7 минг доллар жаримага тортилди.
Суд уни Мухолифат мувофиқлаштирув кенгашини ташкил қилганликда айбдор деб топди. Суд қарорида қайд этилишича, бу кенгашни ташкил этишдан мақсад “ҳокимиятни эгаллаб олиш учун провокация уюштириш, ҳокимиятни эгаллаб олишга чақириш ва ижтимоий нафратни қўзғатиш бўлган”.
Бу иш юзасидан собиқ маданият вазири Павел Латушко 18 йилга, Мария Мороз, Олга Ковалкова ва Сергей Дилевский 12 йилга сиртдан озодликдан маҳрум этилди.
2020 йил августида бўлиб ўтган президентлик сайловида яна Александр Лукашенко ғалаба қозонгани эълон қилингани ортидан юз минглаб беларуслар бир неча ой мобайнида норозилик намойишлари ўтказган эди. Ўша пайтда мухолифат лидерларидан бири бўлган Светлана Тихановская раҳбарлигида Мувофиқлаштирув кенгаши ташкил этилганди.
Намойишлар Беларусь ҳукумати томонидан куч билан бостирилди. 2020 йилнинг августидан ноябригача норозилардан 13 мингдан кўпроғи ҳибсга олинган. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги маҳбуслар қийноқларга солинганини билдирган.
2021 йилда президентликка номзодини қўйишни режалаштирган блогер Сергей Тихановский тартибсизликлар уюштирганликда айбланган ҳамда 18 йилга кесилган эди. Шундан сўнг унинг хотини Светлана Тихановская эса сайловда президентликка номзод сифатида иштирок этди.
Бундан аввалроқ Беларусь президентлигига сайловда номзодини рўйхатга олиниши рад этилган Виктор Бабарика 14 йилга, унинг сайловолди штаби раҳбари Мария Колесникова эса 11 йилга қамалганди. Улар Беларусь қамоғида жазо муддатини ўтамоқда.
Беларусь мухолифати лидери Тихановская сиртдан 15 йилга қамалди
Светлана Тихановская Беларусдаги сайловда президентликка номзод сифатида иштирок этганди.