Россиянинг 30 минг аскари Беларусда номаълум муддатга қоладиган бўлди

“Иттифоқ қатъияти – 2022” қўшма ҳарбий машғулотларидан олинган фотосурат.

Москва ва Минск Украинанинг россияпараст исёнчилар назоратидаги Донецк вилоятида вазият кескинлашгани оқибатида “Иттифоқ қатъияти – 2022” қўшма ҳарбий машғулотлари муддатини узайтиришга қарор қилди. Бу ҳақда 20 февраль куни Беларусь мудофаа вазири Виктор Хренин билдирди. Аммо у узайтирилган муддат қачон якунланиши тўғрисида маълумот бермади.

Беларуснинг Украина билан чегарадош ҳудудларида ўтказилаётган “Иттифоқ қатъияти – 2022” машғулоти 10 февралда бошланган ва 20 февралда якунланиши лозим эди.

Беларусга ҳарбий машғулот баҳонасида Россиянинг 30 минг аскари, С-400 зенит-ракета мажмуалари дивизионлари, “Панцирь-С” зенит ракета-тўп дивизиони, шунингдек, Су-35С ва Су-25СМ қирувчи ва ҳужумчи учоқлари киритилган.

Беларусь президенти Александр Лукашенко 18 февраль куни Москвада Путин билан учрашишини ва учрашувда Беларусга киритилган Россия қўшинлари тақдири ҳал этилишини айтган эди.

“Эртага қандай қарорга келсак, шундай бўлади. Қарор қилсак -бир сутка ичида олиб чиқиб кетилади. Қарор қилсак - бир ой шу ерда қолишади. Қуролли Кучлар қанча керак бўлса, шунча муддат шу ерда қолади”, -деб айтганди Лукашенко.