Беларусда 65 ёшли пенсионер аёлга қарши “милицияни ҳақорат қилиш” моддаси бўйича иккинчи жиноят иши очилди

Людмила Хлусевич

Беларусда Людмила Хлусевич исмли 65 ёшли пенсионер аёл “Одноклассники” ижтимоий тармоғида “Свиная рожа” (“Чўчқабашара”) деб изоҳ қолдиргани учун милицияни ҳақорат қилганликда айбланмоқда, унга қарши жиноят иши очилган. Бу ҳақда Озодликнинг беларус хизмати хабар қилди.

Хлусевич шу билан иккинчи марта жиноий жавобгарликка тортилмоқда. Шу йилнинг 15 сентябрь куни Хлусевич бир ярим йил муддатга уй қамоғига ҳукм қилинган. У милиционер намойишчиларни калтаклаётгани акс этган видео остига “Ҳайвон” деб изоҳ ёзгани учун хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилини ҳақорат қилишда айбланган. Аёл ҳукм устидан апелляция шикояти берган.

Оққон хасталигига чалинган Хлусевичнинг уйи мазкур жиноят иши бўйича тергов давомида бир неча бор тинтув қилинган, унинг ўзи 10 мартага яқин сўроққа чақирилган. Пенсионер аёл судни кутаркан, ўлиб қолиши мумкинлигини ҳисобга олиб, қуйидаги мазмунда хат қолдирган: “Менинг ўлимимда давлатни айблашингизни сўрайман. Ортиқ бундай яшай олмайман. Мени ўлар ҳолатга келтиришди. Хаста эдим, аҳволим баттар бўлди. Ҳалол яшадим, ўғрилик қилмадим, одам ўлдирмадим. Аммо мени ўлдиришди, ўлар ҳолатга етказишди. Буни ҳамма билиб қўйсин”.

Ушбу хат сабабли суд Хлусевични психология-психиатрия экспертизасига йўллаш ҳақида қарор чиқарган. Экспертлар эса айбланувчи “ҳақоратли изоҳлар” ёзаётганида аффект ҳолатида бўлмагани, ўз қилмиши ва унинг эҳтимолий оқибатларини идрок этгани тўғрисида хулоса беришган.

Иккинчи марта жиноят иши қўзғатилганидан сўнг пенсионер аёл журналистларга бу ташвишни кўтара оладими, йўқми – билмаслигини айтган. “На куч-қувватим қолган, на-да соғлиғим”, деган Хлустевич.