Беларусда Лукашенкога “туҳмат қилиб, ҳақоратлаган” киши 1,5 йилга қамалди

Беларусда суд Брест вилоятида яшага шахсни Александр Лукашенкога “туҳмат қилган”и ва “ҳақоратлаган”и учун бир ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Беларусь Бош прокуратураси сайтида хабар қилинган.

Суд 2020 йил августида Ляховичи шаҳри турғуни “Telegram мессенжерига давлат раҳбари фотоси билан қидирилаётган шахс ориентировкаси шаклидаги маълумотни жойлаган”ини аниқлаган. У Лукашенко фотосурати остига “туҳматга асосланган уйдирмалар ва ҳақоратлар”ни ёзиб қолдирган.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, айбланувчи айбини бўйнига олиб, пушаймонлик билдирган. Гўё у турли ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги маълумотлар таъсирига тушиб қолган.

Суд ҳукми ҳали қонуний кучга кирганича йўқ, ҳукм устидан шикоят аризаси киритилиши ва у апелляция тартибида кўриб чиқилиши мумкин.