Бишкекда оммавий муштлашувда қатнашган хорижликлар қўлга олинди

Бишкекдаги Ички ишлар вазирлиги биноси

Қирғизистон пойтахтида оммавий муштлашувда иштирок этган Покистон ва Бангладешнинг 36 нафар фуқароси милиция ходимлари томонидан тутиб кетилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Свердловск туман ИИБ матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

ИИБ қайдича, покистонликлар ва бангладешликлар ўртасида муштлашув 11 июнга ўтар кечаси бўлиб ўтган. Дастлабки маълумотларга кўра, даставвал чет элликлар ўртасида даҳанаки жанг чиқиб, кейин у муштлашувга айланиб кетган.

Милиция мазкур ҳолат юзасидан терговгача текширув бошлаган. Бундан ташқари, ИИБ маълумотига кўра, 16 кишига нисбатан мамлакат Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг “Хорижлик фуқаролар томонидан Қирғизистонда бўлиш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартиб-қоидаларининг бузилиши” моддаси бўйича баённомалар тузилган.

ИИБ вакиллари Свердловск туман суди муштлашув иштирокчиларидан бирини “Майда безорилик” моддаси бўйича айбдор деб топиб, унга 5500 сўм (шу кундаги курс билан 63 АҚШ долларидан кўпроқ) миқдорида жарима солган, муштлашувнинг яна икки иштирокчисига эса уч суткалик қамоқ жазоси тайин қилган. Қолган хорижликлар билан милиция тушунтириш суҳбатларини олиб борган.

Жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб махсус хизматлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Қирғизистонда ҳужжатсиз ёки муддати ўтиб кетган рухсатномалар билан юрган чет элликларни аниқлаш бўйича рейдлар олиб боришмоқда.