Ўзбекистонда блогер Нилуфар Ҳамидова етти суткага маъмурий қамоққа олинди. Тошкент шаҳри Юнусобод туман суди уни майда безориликда айбдор деб топди.
Ҳамидованинг ижтимоий тармоқларда эълон қилган видеоси суд муҳокамасига сабаб бўлди. Тошкент кўчаларида олинган видеода блогер калта юбкада кўчада юриб, “Яна хоҳлайман”, дейди. Ижтимоий тармоқларда унинг хатти-ҳаракатларини иғвогарона ва шаҳвоний мазмунда деб баҳолашди. Видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, айрим фойдаланувчилар ички ишлар органларини чора кўришга чақирди. Ролик охирида эса Ҳамидова шу йўл билан косметика маҳсулотларини реклама қилаётгани маълум бўлади.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги видео юзасидан текширув ўтказиб, унинг муаллифи хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берди. Вазирлик эълон қилган видеомурожаатда Ҳамидова узр сўраган.
Видеода у: “Ўзбек халқимдан кечирим сўрайман. Бошқа бундай контент чиқармайман”, — деди.
Апрель ойида ҳам Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги мактабда Ҳамидова иштирокида ўтказилган ижодий учрашув фойдаланувчилар норозилигига сабаб бўлган эди. Учрашув видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалгач, айрим фойдаланувчилар блогер мактаб ўқувчиларига ёмон ўрнак бўлаётганини билдирган. Вилоят таълим бошқармаси тадбир ўтказилиши келишилмаганини маълум қилган.