Оқ уй европалик мулозимларни Украинада 2025 йил Пасхасигача (христианлар байрами) оташкесимга эришмоқчи экани ҳақида хабардор қилди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди. Бу йил мазкур байрамни католиклар ҳам, православлар ҳам 20 апрель куни нишонлайди.
Ғарбдаги айрим мулозимлар, ҳатто жорий ҳафтада Саудия Арабистонида АҚШ ва Россия вакиллари ўртасида маслаҳатлашувлар бўлиб ўтиши режаланганига қарамай, бундай режанинг амалга ошиши эҳтимоли кам, деб ҳисоблашади. Бу учрашувлар президентлар Дональд Трамп ва Владимир Путиннинг муҳтамал музокараларга ҳозирлик кўришга қаратилган. Bloomberg манбаларидан бири сулҳ тузиш учун энг реал муддат 2025 йил охири бўлиши мумкинлигини қайд этган.
Бўлажак музокаралар манзарасида Европа мамлакатлари Украинага янги кенг кўламли ҳарбий ёрдам пакетини ишлаб чиқишмоқда. Bloomberg маълумотига кўра, режа тафсилотлари 2025 йил 23 февралигача очиқланади. Ўша кунгача Германияда навбатдан ташқари парламент сайлови бўлиб ўтади. Шу тариқа, сиёсатчилар овоз бериш олдидан баҳс-мунозараларга чап беришлари мумкин бўлади, демоқда агентлик суҳбатдошлари.
Январь ойи охирида Украинанинг “Страна.ua” нашри Дональд Трампнинг Россия-Украинани урушини тугатиш бўйича тахминий 100 кунлик режасини эълон қилганди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, сулҳ келишуви 20 апрель куни эълон қилиниши, 9 майга бориб эса тинчлик конференцияси декларацияси тайёрланиши кутилмоқда.
Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши вакиллари уруш тугаши ва музокаралар бошланишининг аниқ санаси ҳақида ОАВда пайдо бўлган маълумотлар ҳақиқатга мувофиқ келмаслигини билдиришган.