Брюссель ЕИга кириш бўйича Украина ва Молдова билан музокараларга тайёр

Еврокомиссия Украина ва Молдованинг Европа Иттифоқига қўшилиши ҳақида Киев ва Кишинёв билан музокаралар бошлашни тавсия қилиш ниятида. Тахминларга кўра, мазкур жараён [2024 йилнинг] 24 март куни бошлатилади, дея маълум қилди Озод Европа/Озодлик радиоси мухбири Рикард Йозвяк Х (собиқ Твиттер) ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифаси орқали.

Журналистга кўра, Грузия кейинги қадамга ўтиш учун шартлар билан яқин орада номзод мақомини олади.

Йозвяк бу маълумотни ЕИга аъзо 27 та давлатни тамсил этувчи еврокомиссарлар офиси раҳбарлари учрашуви натижаларига таянган ҳолда тарқатган. 6 ноябрь куни улар ЕИни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишган. Музокаралар эртага давом этишини қайд этган Йозвяк ундаги асосий нуқталар ҳозирданоқ аёнлигини қўшимча қилган.

Киев Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 2022 йил 24 февралидан бир неча кун ўтиб, ЕИга аъзо бўлиш учун ариза топширган эди. Орадан бир неча ой ўтгач, Украина ЕИга кириш учун номзод мақомини олган. Бу Брюссель томонидан муҳим дастак сигнали ўлароқ баҳоланмоқда.

Ўтган шанба куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Киевда бўлиб, президент Владимир Зеленский билан бошқа масалалар қаторида Украинанинг ЕИга кириш истиқболларини муҳокама қилган. Украинанинг УНИАН агентлиги Урсула фон дер Ляйен ўшанда Киев ислоҳотларни турмушга татбиқ этишда сезиларли илгарилашга эришгани ва бу тегишли ҳисоботда акс этишини билдиргани ҳақида хабар қилган.

Еврокомиссия 8 ноябрь куни Украина, Молдова ва Грузия ЕИга аъзолик йўлида илгарилашга эришиб-эришмаганига оид хулосаларни ўз ичига олган ҳисоботини тақдим этиши керак. Шунингдек, аввалроқ France-Presse агентлиги ёзганидек, ЕИнинг асосий ижрочи органи 14-15 декабрь кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган саммит олдидан Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни очиш-очмаслик масаласини ҳам ҳал қилиши лозим. ЕИни кенгайтириш масаласи бўлажак саммитнинг муҳокама марказида бўлиши кутилмоқда.