Чехия президенти россияликларга фуқаролик берилишини тақиқловчи қонунни имзолади

Чехия Ички ишлар вазирлиги биносига осилган плакат (архив сурати)

Чехия президенти Петр Павел россияликларга мамлакат фуқаролигини беришга тақиқ кўзда тутилган қонунни имзолади. Ҳатто Россия паспортидан воз кечган тақдирда ҳам россияликларнинг кўпчилиги Украинадаги уруш тугамагунича Чехия фуқаролигини ололмайди. Жиноят кодексига хорижий давлат билан рухсат этилмаган ҳамкорликни тақиқловчи янги модда киритилмоқда.

Қонун лойиҳасининг асосий қисми Чехияда украиналик қочқинларни қабул қилиш тартибини белгилаб беради. Қочқинларни қабул қилиш тартиби муддати бир йил узайтирилган, вақтинча ҳимоя эса қочқинларга давлат тиббий суғуртасидан фойдаланиш, таълим олиш ва меҳнат бозорига кириш имконини беради. Иқтисодий жиҳатдан мустақил қочқинларга қонун уларнинг кейинчалик Чехияда доимий яшаб қолишига имконият яратувчи махсус яшаш учун рухсатнома олиш имконини беради.

Айни пайтда ҳужжат украиналикнинг болаларнинг давлат ва муниципал мактабларга қабул қилиш тартибини қийинлаштиради, қонуннинг бу моддаси дискриминацион модда ўлароқ танқид қилинганди.

Россия фуқаролиги бор турғунларга Чехия фуқаролигини олишни тақиқлашга оид қонунчиликка киритилаётган тузатишлар россияликлар норозилигини келтириб чиқарган. Ҳатто Россия паспортидан воз кечган тақдирларида ҳам уларнинг аризалари музлатиб қўйилади, бундан фақат сиёсий қочқинлар ва ёши 15 гача бўлган болалар мустасно, холос. Ҳуқуқбонлар бу моддани ҳам танқид қилишган.

Йирик мухолифат партияси лидери, собиқ бош вазир Андрей Бабиш “хорижий давлат билан рухсат этилмаган ҳамкорлик” учун киритилаётган жиноий жазони танқид қилиб чиқди. У тузатишни Чехословакияда коммунистик режим қулаганидан буён “сўз эркинлиги ва демократияга энг аёвсиз ҳужум” деб атади.

Ҳужжат муаллифлари бу моддани миллий хавфсизлик манфаатлари билан изоҳлашган.