“Донбассга юриш” манзарасида Россия ширкатлари акциялари нархи кескин тушиб кетди

Россиянинг Донбассдаги ҳарбий амалиёти бошланиши манзарасида котировкалар энг қуйи даража тушиб кетгани ортидан Москва биржаси барча бозорларда савдо тўхтатилгани ҳақида маълум қилди.

24 февраль тонгидан эътиборан Россиянинг барча ширкатлари акциялари шитоб билан арзонлаб бормоқда. Москва биржаси индекси 11 фоизга қулаган. Олди-сотти жараёнида катта саросима кузатилмоқда. Инвесторлар Украинага бостириб кирилган тақдирда, Россияга нисбатан Ғарб ваъда қилган янги кескин санкциялар жорий этилишидан хавфсирамоқда.

АҚШ доллари пайшанба тонгидан буён қарийб 3 рублга қимматлаб, 84 рублга чиқиб кетди. Рус рублининг бу қадар қадрсизланиши 2016 йил январидан бери кузатилмаган эди. Евро қиймати эса 2014 йил декабридан бери илк бор 95 рублдан ошди. Биржа томонидан ўрнатилган чекловлар туфайли курс ҳозирча бундан юқори кўтарила олмаяпти. Айни пайтда Forex бозорида доллар курси 90 рублдан, евро курси эса 100 рублдан ошиб кетди.

Рубль қадрининг бу қадар пастга тушиши, кузатувчиларга кўра, яна инфляция даражасининг ошишига сабаб бўлмаслиги мумкин эмас. Ўз навбатида, бу ҳолат аҳоли даромадларида салбий акс этади.

Пайшанбага ўтар кечаси Россия президенти Владимир Путин Украина ҳудудида “махсус ҳарбий амалиёт” бошланганини эълон қилган. Бундан мақсад, Путин таъбирига кўра, “Киев режими томонидан саккиз йилдан бери таҳқирланиб, геноцидга дучор қилиниб келаётган одамларни ҳимоялаш”, “Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш” ҳамда “тинч аҳоли вакиллари, шу жумладан Россия Федерацияси фуқароларига қарши кўплаб қонли жиноятларни содир этганларни судга тортиш”дир.