Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ангола парламентида сўзлаган нутқида дунёнинг Иккинчи жаҳон уруши ғолиблари бўлмиш “бир ҳовуч мамлакат”га қарамлигини камайтириш зарурати ҳақида гапирди.
“Башарият тақдири Иккинчи жаҳон урушида ғолиб чиққан бир ҳовуч мамлакатнинг марҳаматига боғлиқ бўлиб қолиши мумкин эмас”, дея иқтибос келтирган ТАСС агентлиги Эрдўғон сўзларидан.
Туркия президентининг таъкидлашича, жаҳонда дипломатия, тижорат ва халқаро алоқалар ўзгараётган бир пайтда “глобал хавфсизлик архитектураси эски ҳолида қолиши ақлга сиғмайди”.
Эрдўғон глобал тизимда, хусусан БМТ Хавфсизлик кенгашида тенгсизлик мавжудлигини, “дунё беш мамлакат билан чекланмаслигини” айтган. Бу ерда гап БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари ва вето ҳуқуқига эга беш давлат – АҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция ва Хитой ҳақида бормоқда. Улар Иккинчи жаҳон уруши ғолиблари сифатида кенгашга кирган.
Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш масаласи БМТ Бош ассамблеясининг 2021 йил сентябридаги йиғилишида ҳам кўтарилган эди. Хусусан, Япония бош вазири Ёсихидэ Суга ушбу орган замонавий дунё воқелигини акс эттириши лозимлигини айтган. Кенгашнинг доимий аъзолари сонини кўпайтириш ғоясини Франция ҳам қўлламоқда. Расмий Париж назарида Кенгашга Германия, Ҳиндистон, Япония ва Бразилия ҳам қабул қилиниши керак.