Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ғарб мамлакатлари Россияга нисбатан “нотўғри” ва “провокацияларга асосланган” сиёсат юритяпти, деган фикрда. Бу ҳақда Эрдўғон 7 сентябрь куни Белградга ташрифи чоғида билдирди.
Белградда у Европа билан Россия ўртасида манёвр қилиш сиёсатини юритаётган Сербия президенти Александр Вучич билан учрашиб, ўзаро ҳамкорликка оид турли масалаларни муҳокама қилган.
Сербия пойтахтидаги чиқишида Туркия президенти “Россияни етарлича баҳоламасликдан воз кечиш”га чақириб, Анқара Россия-Украина урушида “вазмин” йўл тутаётганини қайд этган.
НАТО аъзоси ҳисобланмиш Туркия Украинага босқиндан кейин Ғарб мамлакатлари томонидан Россияга қарши киритилган санкцияларга қўшилган эмас.