Анқара президент Эрдўғоннинг саломатлиги ёмонлашгани тўғрисидаги хабарларни рад этди

Эрдўғон жонли эфир пайтида ўзини ёмон ҳис қила бошлаган эди.

Туркия президенти маъмуриятининг коммуникациялар бўйича бошқармаси бошлиғи Фаҳреттин Алтун ижтимоий тармоқларда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг соғлиғи ёмонлашгани тўғрисида тарқалган хабарларни рад этди.

“Биз қатъийан президент Эрдўғоннинг саломатлиги тўғрисидаги бу каби асоссиз билдирувларни рад этамиз”,- деб ёзди Фаҳреттин Алтун 26 апрель куни кечқурун Twitter саҳифасида.


Айни пайтда Алтун Эрдўғон 27 апрель куни “Оққую” атом электр станциясининг очилиш тадбирида онлайн форматда иштирок этиши режалаштирилаётганини билдирди.

Туркияда 14 май куни ўтказиладиган президентлик сайловига бир неча ҳафта қолган бир пайтда Эрдўғон қатор сайловолди учрашувлари ва тадбирлардаги иштирокини тўхтатиб қўйди. У 26 апрель куни кечқурун Twitter саҳифасида “шифокорлар маслаҳатига амал қилган ҳолда уйда дам олиши”ни ёзди. Эрдўғон тадбирлар ва учрашувларда ўзининг ўрнига Туркия вице-президенти Фуат Ўқтой иштирок этишини маълум қилди.


Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркиянинг Kanal 7 ва Ulker телеканаллари журналистлари саволларига жонли эфирда жавоб бераётган пайтда ўзини ёмон ҳис қила бошлаган эди. Жонли эфир бошланишидан бир дақиқа ўтгач, кўрсатув реклама билан узиб қўйилди ва 20 дақиқадан сўнг қайта эфирга узатила бошланди. Эфир тиклангач, Эрдўғон ўзини ёмон ҳис қилганини “ошқозон гриппи”га йўлиққани ва сайловолди тадирларидан толиққани билан изоҳлади.

Бу воқеа ортидан қатор оммавий ахборот воситалари Эрдўғон миокард инфарктига йўлиққани ва касалхонага ётқизилгани тўғрисида хабар берди.