Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Теҳрон ўз ядровий дастури ва бунга оид санкциялар бўйича АҚШ билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирди. Бироқ, дипломатга кўра, музокаралар АҚШ президенти Дональд Трампнинг “максимал даражадаги босими” стратегияси асосида бўлиб ўтиши мумкин эмас,
“Санкцияларни олиб ташлаш учун музокараларга эҳтиёж бор, бироқ бу “максимал даражадаги босим” сиёсати доирасида ўтмаслиги лозим, чунки бундай бўлса, бу музокара эмас, капитуляция шакли бўлиб қоларди”, дея билдирган Ароқчи ижтимоий тармоқлар орқали.
Дипломат: “Эрон айни пайтнинг ўзида янги санкциялар киритаётган мамлакат билан музокаралар олиб боришни истамайди”, дея қўшимча қилган.
Тўртинчи февраль куни Трамп Эронга нисбатан “максимал даражадаги иқтисодий босим” сиёсати қайта тикланиши тўғрисидаги фармонни имзолаган бўлиб, мазкур ҳужжат нефть экспортига тўсқинлик қилиш ва Эрон ядровий дастурини секинлатишга қаратилган эди. АҚШ президенти мамлакат Молия вазирлигига амалдаги санкцияларни бузаётган жисмоний ва юридик шахсларни санкцияларга риоя қилишга мажбурлаш механизмлари ҳамда санкциялар ёрдамида босим қўллаш ҳақида топшириқ берган.
Бундан ташқари, Трамп Молия вазирлиги ва Давлат департаментига Эрондан нефть экспортини нолга туширишга қаратилган кампанияни амалга оширишни топширган.
Меморандумни имзоларкан, АҚШ президенти уни жуда кескин деб атаган, бироқ шу билан бирга, Эрон билан келишув тузишга ҳамда Эрон раҳбарияти билан гаплашишга тайёрлигини билдирган.
“Менимча, ҳаммаси жуда жўн: Эрон ядровий қуролга эга бўлолмайди”, дея қўшимча қилган Трамп.
Эрон санкциялар юмшатилиши эвазига ўз ядровий дастурини чеклаш бўйича 2015 йилда жаҳондаги қудратли давлатлар билан муҳим келишувга эришганди. Бироқ Трамп ўзининг биринчи президентлик муддатида Қўшма Штатларни бу шартномадан чиқарган ҳамда 2018 йили қайтадан санкциялар жорий этганди. Бу Теҳронни уранни бойитишни тезлаштириш ва ўз ядровий объектларига халқаро назоратчиларни қўйишни чеклашга туртган эди.
Ядровий шартномадан чиқишда Трамп Теҳрон шартнома руҳига мувофиқ ҳаракат қилмаётгани ва ядровий қурол ишлаб чиқиш ҳаракатлари давом эттираётганини билдирган. Шунингдек, у Эронни минтақада экстремистик зўравонликни дастаклаётганда айблаган, Теҳрон эса бу айбловни инкор қилганди.
Аббос Ароқчи Эрон ҳеч қачон ядровий қурол ишлаб чиқиш ёки ядровий қуролга эга бўлишга уринмаслигини аллақачоноқ очиқ-ойдин намойиш қилганини айтди.
У Эронда ядровий қурол бўлмаслиги бўйича Теҳрондан амалий кафолатлар олиш қийин бўлмаслигини урғуларкан, бунинг учун “иқтисодий босим ва санкциялар дохил Эронга қарши душманона чоралар самарали равишда тўхтатилишига оид объектив кафолат тақдим этилиши” шартлигини қўшимча қилган.