Эрон расмийлари ўз ядровий объектида содир бўлган ҳодисани “теракт” дея баҳолади

Натанздаги ядровий объектнинг коинотдан олинган сурати, 2020 йил

Эрон расмийлари Натанздаги ядровий корхонада содир бўлган нохуш ҳодисани “террор хуружи” ўлароқ баҳолади.

Мазкур корхонада 11 апрель куни эрталаб электр энергияси ўчиб қолган ва бу ҳодиса учун ҳали ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олган эмас. Associated Press агентлиги қайдича, Эрон томони ҳодиса бўйича аввало Исроил махсус хизматларидан гумон қилмоқда.

Агар содир бўлган ҳодисада Исроилнинг қўли борлиги исботланса, бу икки мамлакат ўртасидаги тарангликни янада кучайтириши мумкин.

Якшанба куни Пентагон раҳбари Ллойд Остинни қабул қилган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўз мамлакати қудратли давлатларнинг Эрон билан 2015 йили имзоланган ядровий битими тикланишига йўл қўймаслигини билдирган.

Аssociated Press 11 апрель куни содир бўлган ҳодиса юзасидан маълумот жуда камлигини қайд этган. Эрон Атом энергияси ташкилоти раҳбари Али Акбар Солиҳий бу борада кескин чиқиш қилган. У айнан қандай ҳодиса содир бўлганига аниқлик киритмаган, бироқ мулозимнинг сўзларидан Натанздаги заводда жуда йирик узилиш содир бўлган.

Исроилнинг “Жерузалем пост” нашри Эроннинг Натанздаги ядровий объектлари, айрим маълумотларга кўра, аввал ҳам Исроил томонидан уюштирилган киберҳужумлар нишонига айланганини эслатган. Хусусан, 2010 йили Исроил ва АҚШнинг StuxNet вирус дастуридан фойдаланган ҳолда ўтказган қўшма амалиёти бу ерда 1 мингдан зиёд центрифуга бузилишига олиб келган.

Уран бойитиладиган Натанздаги объектда ўтган йил июлида ёнғин содир бўлган. Теҳрон мазкур аварияга саботаж сабаб бўлганини билдирган, бироқ ҳодиса айбдорлари исмини очиқлаган эмас. Кейинроқ Эрон Атом энергияси ташкилоти вакили Беҳруз Камолвандий Натанздаги ёнғинга Исроил алоқадор бўлиши мумкинлигини билдирган.

2020 йил ноябрь ойида Теҳрон Исроилни Эрон ядро дастури асосчиларидан бири бўлган олим ўлимида айблаб чиққанди.