Эроннинг Раск шаҳридаги полиция участкасига 15 декабрь тонгида уюштирилган қуролли ҳужум чоғида 11 нафар полиция зобити ҳалок бўлган, яна бир қанчаси яраланган.
Систон-Белужистон вилоят полицияси маълумотига кўра, Покистон чегарасига яқин бўлган бу шаҳар полиция участкасига ҳужум қилганларнинг ҳаммаси “ўлдирилган ёки яраланган”.
Вилоят губернатори ўринбосари Алиризо Марҳаматий ҳужумни “террор хуружи” дея таърифлаган.
Давлатга қарашли IRNA ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳужум учун масъулиятни суннийларнинг “Жайшул-Адл” (“Адолат армияси”) жиҳодий гуруҳи ўз зиммасига олган. Мазкур гуруҳ аввалроқ бир неча бор эронлик чегарачилар ва Ислом инқилоби посбонлари корпуси вакиллари билан тўқнашгани айтилган.