Финляндия 30 сентябрга ўтар кечасидан эътиборан россияликлар учун чегарасини ёпмоқчи

Россия-Финляндия чегараси

Финляндия пайшанбадан жумага ўтар кечаси қўлида Шенген визасига эга бўлган Россия фуқаролари учун чегарасини ёпади. Бу ҳақда Helsingin Sanomat газетаси ўз манбалари маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Финляндия ҳукумати аввалроқ 29 сентябрь куни россияликлар учун чегарадан ўтиш тартибини кучайтиришга оид масалани кўриб чиқишини билдирган.

Нашр қайдича, Шенген шартномасига қўшилган бошқа мамлакатлар томонидан берилган виза эгаларини ҳам чегарадан ўтказиш тўхтатилади. Бироқ бу ерда айрим истиснолар мавжуд. Россия фуқаролари Финляндияга оилавий шароити, ўқиш ёки иш учун ўтишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, газета мамлакатга “мухолифат вакиллари” ҳам ўтказилишини иддао қилган, бироқ бу ерда айнан нима назарда тутилгани очиқланган эмас.

ЕИ мамлакатларида яшаш учун рухсатномаси борлар ҳам Финляндия-Россия чегарасидан ўтказилиши айтилмоқда.

Мазкур тақиқ амалда асосан Россиядан келаётган, шу жумладан Финляндиядан транзит мамлакат сифатида фойдаланаётган туристларга тааллуқли бўлади.