Михаил Горбачёвнинг дафн маросими 3 сентябрда ўтказилади

Михаил Горбачёв 1985 йилдан 1991 йилгача СССР раҳбари бўлган.

Собиқ СССР Коммунистик партияси марказий қўмитасининг охирги бош котиби ва СССРнинг собиқ раҳбари Михаил Горбачёв билан видолашув маросими 3 сентябрь куни Москвадаги Союзлар уйининг Колонна залида ўтказилади.

Горбачёв-Фонднинг маълум қилишича, шу куниёқ Горбачёв Новодевичье қабристонида дафн этилади. Бу қабристонда Горбачёвнинг рафиқаси Раиса Горбачёва ҳам дафн этилган.

Горбачёв-Фонд билдирувида дафн маросими давлат даражасида ўтказилиши ёки ўтказилмаслиги тўғрисида маълумот берилмаган. Кремль ҳам бу борада сукут сақламоқда.

Союзлар уйининг Колонна залида собиқ СССР ва Россиянинг Никита Хрушчёвдан ташқари барча раҳбарлари билан видолашув маросимлари ўтказилган.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Горбачёвнинг дафн маросимида Россия президенти Владимир Путиннинг иштирок этиши масаласи ҳозирча ҳал этилмаганини айтди. Аввалроқ Путин Горбачёвнинг яқинларига таъзия билдирган эди.

Михаил Горбачёв 1985 йилдан 1991 йилгача СССР Коммунистик партияси марказий қўмитасининг бош котиби ва СССР президенти бўлган. У Москвада 30 август куни 91 ёшида вафот этди.