Грузия президенти: Россия Жанубий Осетия ва Абхазияни тарк этиши лозим

Грузия президенти Саломе Зурабишвили

Грузия президенти Саломе Зурабишвили Россия ўзларини мустақил деб эълон қилиб олган ва 2008 йилдан буён феълан Москва томонидан бошқарилаётган Абхазия ва Жанубий Осетияни Грузия назорати остига қайтариши зарур, дея билдирди. Унинг фикрича, Россия Украинадаги урушда ютқазяпти, уруш тугаганидан кейин эса у нафақат Украинанинг, балки Грузиянинг ҳам ишғол этилган ҳудудларидан чиқиб кетиши керак.

“Россия, агар бутун урушни демасак, барча жангларни қарийб бой бериб бўлди. Грузия масалалари ҳам музокара столида бўлиши шарт. Россия ўз чегаралари қаердан ўтишини яхшилаб ўрганиб олиши лозим”, дея иқтибос келтирган Bloomberg агентлиги Саломе Зурабишвили сўзларидан.

Грузия президенти ғарб ҳамжамиятини Россия президенти Владимир Путиндан ўз қўшинларини Абхазия ва Жанубий Осетиядан олиб чиқиб кетишни Украина билан тинчлик шартномаси тузилиши шартларидан бири ўлароқ талаб қилишга чақирган. “Акс ҳолда, Ғарб 2008 ва 2014 йилларда бўлгани каби яна битта катта хатога йўл қўяди”, деган Зурабишвили.

Жанубий Осетия билан Абхазия Грузия ССР таркибига кирган. Ўтган асрнинг 90-йилларида бу икки ҳудуд ўз мустақиллигини эълон қилган, бироқ Тбилиси буни қабул қилган эмас. 2008 йили Грузия билан “беш кунлик уруш”дан сўнг Россия Абхазия ва Жанубий Осетия ҳудудларига ўз қўшинларини жойлаштириб, уларни мустақил деб тан олган. Мазкур ҳудудлар мустақиллигини Россиядан ташқари фақат Венесуэла, Науру, Никарагуа ва Сурия каби мамлакатларгина тан олишган. Грузия бу жойларни Россия томонидан ишғол қилинган ўз ҳудудлари деб билади.

Грузия ва Россия ўртасида дипломатик алоқалар мавжуд эмас. Айни пайтда Грузия, гарчи Украинани дастаклашини расман билдирган бўлса-да, Киевга қарши уруш бошланганидан кейин ғарб мамлакатлари томонидан Россияга қарши киритилган санкцияларга қўшилмаган. Грузия мухолифати мамлакат расмийларини Россияга ён босувчи позицияни эгаллаб келаётганликда айблаган.