Грузияда актёр ва қўшиқчи Вахтанг Кикабидзе вафот этди

Вахтанг Кикабидзе

Грузияда актёр, қўшиқчи, режиссёр ва жамоат арбоби Вахтанг Кикабидзе вафот этди. 84 ёшли Кикабидзенинг вафоти ҳақида Грузиянинг “Мтавари архи” телеканали хабар қилган.

Хабарда актёр касаллик ортидан вафот этгани айтилган, бироқ ўлимнинг аниқ сабаби очиқланмаган.

1980 йилда Грузияда халқ артисти унвонига сазовор бўлган Вахтанг Кикабидзе ўтган асрнинг 70-йилларида режиссёр Георгий Данелия фильмларида ўйнаган роллари ва эстрада саҳнасидаги чиқишлари билан СССР бўйлаб танилган. Ўзбек томошабини уни айниқса “Мимино” фильмидаги роли орқали яхши танийди.

Кикабидзе 2008 йилдаги Россия-Грузия урушидан буён Россияда чиқиш қилган эмас. У Қрим аннексиясини ҳам, Россия қўшинларининг 2022 йил февралида Украинага бостириб киришини ҳам қоралаб чиққан.

Ўтган йилги интервьюларидан бирида Кикабидзе “агар ҳеч бўлмаганда 20 ёшга кичик бўлганимда, қўлимга милтиқ ёки автомат олиб, қардош мамлакатни ҳимоя қилишга борган бўлардим”, деган эди.