Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғинининг Бахмал қишлоғида жойлашган 51-сон умумтаълим мактабида 23 cентябр куни 50 дан ортиқ ўқувчи заҳарланиш аломатлари билан шифохонага олиб кетилди.
Озодликка мурожаат қилган маҳаллий аҳоли вакиллари болаларнинг заҳарланишини мактаб яқинидаги дала майдонига кимёвий восита сепилиши билан боғламоқда.
Уларнинг айтишича, воқеадан кейин мутасаддилар заҳарланиш сабабларини очиқлаш ва масъулларни жавобгарликка тортиш ўрнига шикоят қилган ота-оналарга босим ўтказмоқда.
Ҳозирча болаларнинг заҳарланишига айнан қайси модда сабаб бўлгани, далага қандай кимёвий восита сепилгани ва бу ишни ким амалга оширгани расман маълум қилинган эмас.
Исми сир қолишини сўраган 51-мактаб ўқитувчиларидан бири Озодликка йўллаган мурожаатида ёзишича, ўқитувчи ва ўқувиларнинг заҳарланишига мактабга яқин ердаги фермер пахта майдонига заҳарли дори сепилиши сабаб бўлган:
“Мактабимизга бирдан сассиқ ҳид кириб келди. Болаларнинг кўнгли айниб, баъзилари қуса бошлади. Ҳаммани зудлик билан ташқарига чиқардик. Лекин ташқарида ҳам ҳаво сассиқ эди. Болаларнинг аҳволи ёмонлаша бошлади. Тез ёрдам чақирдик. Қарийб 50 нафар болани тез ёрдам олиб кетди.Кўпига биринчи ёрдам кўрсатилиб, жавоб берилди. Уч нафар ўқувчимиз реанимацияда, ўнга яқини эса умумий палатада қолмоқда”.
23 сентябр куни бахмалликларнинг маҳаллий телеграм каналида, ота-оналарнинг бу воқеа ҳақида гапирган норозиликлари пайдо бўлди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ота-оналар хавотири
Ота-оналарнинг айтишича, ўқувчиларда заҳарланиш аломатлари мактаб яқинида бўлган пахта даласининг кимёвий восита билан дефоляция қилиниши сабаб бўлган.
Озодликнинг аниқлашича Ғузор туманидаги раҳбари Шермат Нафасов бўлган фермер хўжалигида махсус дори пуркагич трактор ёрдамида пахта дефоляция қилинган. Бу дала 51 мактаб яқинида бўлган ва шамол дори ҳидини мактабга ҳайдаб келган.
"Дорини фермер сепган. Уни шамол мактабгача олиб келган. 7-8 нафар болани тез ёрдам ташишга улгурмаган. Маҳалламизнинг Телеграм каналида ёзишларича, ҳозир уч бола касалхонанинг реанимация бўлимида, 15 нафари умумий палатада қолмоқда", дейди ўқитувчи.
Бироқ Озодликда ҳозирча болаларнинг тиббий ташхиси, токсикологик таҳлил натижалари ва шифохонага ётқизилганларнинг аниқ сонини тасдиқловчи расмий ҳужжатлар йўқ. Озодлик фермер Шермат Нафасовнинг мобил телефонига бир неча бор қўнғироқ қилди, аммо жавоб бўлмади.
Озодликка мурожаат қилган маҳаллий аҳоли вакили воқеа юзасидан ариза ёки шикоят қилган ота-оналарга босим ўтказилаётганини иддао қилди.
Бироқ босимни ким ўтказаётгани ва у қандай кўринишда бўлаётгани ҳозирча тўлиқ аниқ эмас. Исми сир қолишини истаган блогернинг Озодликка айтишича, у ва бошқаларнинг ушбу воқеа ҳақидаги маҳаллий Телеграм каналида ёзган хабарлари расмийлар томонидан ўчиртилиган.
Озодлик бу воқеага муносабат олгани Қашқадарё вилоят Мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Муҳриддин Жалолов билан боғланди. Матбуот котиби мактаб ўқувчиларининг оммавий заҳарланиши бўлганини тасдиқлади. Унинг атйишича, заҳарланишда гумон қилинган барча ўқувчи касалхонадан уйига жавоб берилган:
"Заҳарланишда гумонланган 17 нафар ўқувчи амбулатор назоратга олиб борилган. Улар текширилиб ва биринчи ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган. Биз ҳам қаттиқ назоратга олганмиз ва назорат қилиб турибмиз. Салбий ҳолат бўлгани йўқ. Мактаб далага яқин бўлгани учун шамол дорининг ҳидини олиб келган. Шунинг учун шунақа вазият бўлган".
Ўқитувчиларнинг айтишича, воқеа юзасидан хавотирли масала мактаб яқинидаги далага қандай кимёвий восита сепилгани бўлиб қолмоқда.
Қишлоқ хўжалигида зараркунанда, бегона ўт ва ўсимлик касалликларига қарши турли пестицидлар, гербицидлар ва бошқа кимёвий воситалар қўлланади.
Бундай препаратлар белгиланган меъёр ва хавфсизлик талабларига риоя қилинмасдан сепилса, ҳаво орқали яқин атрофдаги одамларга таъсир қилиши мумкин.
Айниқса, дори кучли шамол пайтида сепилган бўлса, дала мактаб ёки аҳоли хонадонларига яқин жойлашган бўлса, одамлар олдиндан огоҳлантирилмаган бўлса ёки кимёвий восита меъёридан ортиқ ишлатилган бўлса бу аҳоли ва болалар саломатлигига хавф солади.
Бироқ Ғузордаги воқеада қайси препарат қўллангани, уни ким харид қилгани ва ким сепгани ҳозирча очиқланмаган, аҳоли ҳам бундан огоҳлантирилмаган.
Ўқитувчиларнинг айтишича, 50 нафардан ортиқ боланинг бир вақтда заҳарланиши ҳақидаги хабарнинг ўзи зудлик билан мустақил ва очиқ текширув ўтказиш учун етарли асосдир.
Лекин расмийлар бу воқеани текшириш ўрнига уни ёпти-ёпти қилишга ҳаракат қилмоқда.
Ота-оналарнинг айтишича, агар болаларнинг заҳарланиши далага сепилган кимёвий восита билан боғлиқлиги лаборатория таҳлили орқали тасдиқланса, масъуллар жавобгарликка тортилиши лозим.