Ҳаитидаги қуролли ҳужумлар оқибатида 180 киши қурбон бўлди

Сўнгги ойларда Ҳаити шаҳарлари кўчаларида тартибсизликлар ва зўравонлик ҳолатлари сезиларли даражада кўпайган (иллюстратив сурат)

Ҳаитининг Ситэ-Солей шаҳрида ўтган ҳордиқ кунлари 180 киши ўлдирилган, дея билдирди 9 декабрь куни бош вазир девонхонаси.

Ҳаитидаги ҳуқуқбонлик ташкилоти одамларни ёппасига ўлдирган шахслар маҳаллий турғун бошчилигидаги жиноий тўда аъзолари бўлганини маълум қилган. Ташкилот қайдича, тўдабоши ўз юртдошларини фарзанди касал бўлишига сабаб бўлган “жодугарлик”да айблаган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Қизил чизиқдан ўтиб кетилди. Қирғинни уюштирган тўда лидери Монель "Микано" Феликс дохил оммавий қотилликда айбдорлар топилиб, йўқ қилинади”, дея билдирган бош вазир офиси.

Бош вазир вакилига кўра, ҳужум чоғида асосан қариялар қурбон бўлган.

Давлат институтлари фаолиятини кузатиб борувчи ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш билан шуғулланувчи Ҳуқуқбонлик ташкилотлари миллий тармоғи 8 декабрь куни 60 ва ундан катта ёшда бўлган камида 110 киши ҳордиқ кунлари Ситэ-Солейда ўлдирилгани ҳақида маълумот тарқатган.

Кейинроқ ҳуқуқ фаоллари ўлдирилганлар сони ошиши мумкинлигини билдиришган. Уларнинг гувоҳлардан олинган маълумотларга таяниб қайд этишларича, “жароҳатлар етказилган жасадлар кўчаларда ёқиб юборилган, улар орасида қарияларга ёрдам қилишга урингани тахмин қилинаётган ёшларнинг жасадлари ҳам бўлган”.

БМТ Бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик ўтган ҳордиқ кунлари қурбон бўлганлар сони камида 184 нафар бўлгани, улардан 127 нафарини қариялар ташкил қилишини маълум қилган.

Ҳаити расмийлари 2022 йилдаёқ БМТдан хавфсизликни таъминлаш учун мамлакатга миссия йўллашни сўрашган. Миссия йўллаш қарори бир йил кейин маъқулланган, бироқ, Reuters қайдича, бугунги кунга келиб бу қарор қисман бажарилган ва Ҳаитида ҳалигача ресурс етишмаслиги ҳис этилмоқда.