“Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партиясини рўйхатдан ўтказиш cўрови иккинчи бор рад этилди

Профессор Хидирназар Аллақулов етакчилигидаги партия расмий рўйхатдан ўтиш учун жорий йил 17 июлда 21 мингдан зиёд имзо топширган эди.

Ўзбекистон адлия вазирлиги имзолар сони етарли бўлмагани важидан “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш cўровини рад этди. Профессор Хидирназар Аллақулов етакчилигидаги партия расмий рўйхатдан ўтиш учун жорий йил 17 июлда 21 мингдан зиёд имзо топширган эди.

Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ҳужжатларни ўрганиш жараёнида партияга бирлашиш истагини билдирган фуқаролар рўйхатида таъсис конференцияси ўтказилгунга қадар вафот этганлар (10 нафар), вояга етмаган шахслар (13 нафар), “Очиқ бюджет”га овоз бериш учун деб хато имзо қўйган ва кейинчалик имзосини қайтариб олган фуқаролар (1157 нафар), шахси аниқланмаганлар (1190 нафар), суд тартибида муомалага лаёқатсиз деб топилганлар (22 нафар) ва Ўзбекистонда яшамаётган шахслар (137 нафар) борлиги аниқланган.

Вазирлик яна минглаб имзоларни қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган шаклда олинган деб топган.

Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, сиёсий партияни тузиш учун камида 8 та ҳудудий субъектда (вилоятда), жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида 20 минг фуқаронинг имзоси талаб этилади.

Адлия идораси “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партияси топширган фақат 2517 та имзони қонунчиликка мувофиқ олинган деб хулоса берган.

Рўйхатга олишни рад этиш қарори устидан Олий судга шикоят қилиш мумкинлиги эслатилган.

Бу “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партиясининг расмий рўйхатдан ўтишга иккинчи уринишидир. Адлия вазирлиги 15 июнь куни ҳам “имзолар миқдори қонун талабига жавоб бермагани, топширилганларидан кўпи сохта экани” сабабли партияни рўйхатдан ўтказишни рад этган эди.