Хитой ҳукумати янги харитада Россия ва Ҳиндистоннинг бир қисмини ўз ҳудуди сифатида белгилади

Амур дарёси. Россия ва Хитойни боғловчи кўприк.

Хитой ҳукумати янги жуғрофий карталарни нашрдан чиқарди. Унда Амур дарёсидаги Катта Уссурий ороли Хитой ҳудуди сифатида кўрсатилди. РБКнинг хабар беришича, Россия ва Хитой 1964 йилдан бери орол кимга тегишли экани юзасидан баҳслашиб келар эди.

2008 йилда Москва ва Пекин оролни ўзаро бўлишиб олган. Аммо янги харитада Катта Уссурийнинг барча ҳудуди Хитойники экани иддао қилинган. Харитага берилган расмий тушунтиришда “харита Хитой ва бошқа давлатларнинг чегараларни белгилаш бўйича миллий стандартларига асосан тузилгани” таъкидланади.

Хитой янги харитада Ҳиндистоннинг Аруначал-Прадеш штатини ва Аксайчин минтақасини ҳам ўз ҳудуди сифатида эътироф этган. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Пекинга норозилик нотаси жўнатди. Россия ҳукумати ҳозирча бу борада муносабат билдирмади.

Амур дарёсининг Хабаровск шаҳри яқинидаги қисмида жойлашган Катта Уссурий оролининг майдони 340 квадрат километрни ташкил қилади. Бу Владивосток шаҳри ёки Ханти-Манси ҳудудига тенг.

Орол юзасидан баҳслар Россия ва Хитой ўртасида 1800 йилларда бошланган эди. 1920–1930 йилларда мазкур ҳудуд Совет аскарлари назоратига ўтган. Хитой 1964 йилдан бошлаб яна орол муаммосини кўтарган ва 2008 йилда Катта Уссурий икки давлат томонидан ўзаро бўлиб олинган эди.