Ўзбекистон июль ойида танаффусдан сўнг олтин экспортини қайта тиклаб, хорижга 1,3 миллиард долларлик қимматбаҳо металл етказиб берди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларида айтилган. Йил бошидан буён олтин экспорти 2,8 миллиард доллардан ошди.
Шу билан бирга, олтиннинг мамлакат ташқи савдосидаги ўрни сезиларли даражада камайди: унинг умумий экспортдаги улуши ўтган йилги 36,7 фоиздан 14,1 фоизга тушди. Олтин ҳисобга олинмаган экспорт эса 27,7 фоизга ўсди. 2026 йилда қимматбаҳо металл экспорти фақат икки марта — апрель ва июль ойларида қайд этилди.
Янги маълумотлар олтиннинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги алоҳида ўрнини яна бир бор кўрсатмоқда ва кенгроқ саволни ўртага ташламоқда: Марказий Осиёнинг олтин бозори — қазиб олиш ва давлат захираларидан тортиб, экспорт ҳамда шаффоф бўлмаган етказиб беришларга оид шубҳаларгача — қандай ишлайди?
Олтин нархининг ўсиши ва савдодаги аномалия: Марказий Осиё олтини қаерга кетмоқда?
Марказий Осиё давлатлари ҳар йили ўнлаб тонна олтин қазиб олади. Уларнинг ҳар бирида қимматбаҳо металл конлари мавжуд. Минтақадаги икки давлат — Қозоғистон ва Ўзбекистон эса олтин захиралари ҳажми бўйича жаҳоннинг етакчи йигирматалигига киради. Сўнгги йилларда қимматбаҳо металл нархининг ўсиши ортидан кўплаб давлатлар олтин захираларини кўпайтирмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари ҳам бундан мустасно эмас.
Аммо вазият доим ҳам бундай бўлмаган. Бундан бир неча йил аввал халқаро суриштирувчилар ўз олтинини сотаётган Россия қўшнилари Москвага тегишли қимматбаҳо металлни санкцияларни четлаб ўтган ҳолда Ғарбга етказиб беришда фойдаланилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган эди. Хусусан, бир пайтлар Остона ва Тошкент Европага олтин етказиб бериш ҳажмини кескин оширди. Бу ҳажмларни фақат мамлакатларнинг ўз олтин қазиб олиши ва захираларини сотиши билан изоҳлаш қийин эди. Халқаро экспертлар олтин оқимининг бир қисми Россияда қазиб олинган металл билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини истисно қилмади. Яқинда Қирғизистон ва Хитой савдо статистикасида ҳам тафовутлар аниқланди.
Бироқ шубҳали схемаларга оид бирор далил исботланганми? Олтин ер остидан қазиб олинганидан кейин марказий банклар омборларига ёки Ғарб бозорларига етиб боргунига қадар қандай жараёнлардан ўтади? Биз олтиннинг Марказий Осиёдаги кондан то тайёр қуймагача бўлган йўлини кузатдик.
Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон конларида ҳар йили дунёдаги энг қимматли ва ликвид металлардан бирининг ўнлаб тоннаси қазиб олинади. Айрим давлатлар уни олтин захирасига айлантиради, бошқалари эса экспорт қилади. Яна баъзи мамлакатлар учун олтин экспорт тушумининг муҳим манбаларидан бири ҳисобланади.
Кондан қуйилган олтин қуймагача бўлган йўлда эса аффинаж заводлари, давлат банклари, трейдерлар ва воситачилардан иборат бутун бошли тизим фаолият юритади.
Олтиннинг йўли кондан бошланади. Қазиб олинган руданинг ҳар бир тоннасида атиги бир неча грамм қимматбаҳо металл бўлиши мумкин. Руда майдаланиб, қайта ишланади ва олтин бошқа тоғ жинсларидан ажратиб олинади. Ҳосил бўлган маҳсулот эритилиб, доре қотишмасига айлантирилади — бу олтин, кумуш ва бошқа аралашмалардан иборат қотишмадир. Кейинги босқич — аффинаж, яъни олтинни юқори пробагача тозалаш жараёни. Шундан сўнг у бозорга чиқарилиб, банклар, марказий банклар, трейдерлар, заргарлар, саноат корхоналари ва инвесторларга сотилади.
Қозоғистон: қазиб олиш, қайта ишлаш ва захира тўплаш
Қозоғистон минтақадаги асосий олтин ишлаб чиқарувчилардан биридир. World Gold Council маълумотларига кўра, мамлакат 2025 йилда 82 тоннадан ортиқ олтин қазиб олиб, жаҳонда 14-ўринни эгаллаган.
Мамлакатда олтин йирик саноат миқёсида қазиб олинади. Шу билан бирга, давлат ишлаб чиқарилган олтиннинг катта қисмини ўзи сотиб олади ва уни харид қилишда устувор ҳуқуққа эга. Олтин-валюта захираларини тўлдиришга қаратилган бу сиёсат 2011 йилда жорий этилган.
«Аффинаж қилинган олтинни 2011 йилдан бошлаб Миллий банкка мажбурий сотиш тартибининг жорий этилиши сезиларли ижобий таъсир кўрсатди. Бу валюта захираларини тўлдириш ва Қозоғистон олтин қазиб олиш саноатини ривожлантиришга кўмаклашишда муҳим қадам бўлди. Дастурнинг дастлабки мақсадларига эришилди. 2024 йил охирига келиб, валюта захиралари тарихий энг юқори кўрсаткич — 45,8 миллиард долларга етди», — дейилади Қозоғистон Миллий банки сайтида.
Қозоғистоннинг Оқмола вилоятидаги олтин ишлаб чиқариш заводи цехида ишчи қолипдан қуймани чиқармоқда.
Қозоғистон ҳозир ҳам давлат олтин захираларини кўпайтиришда давом этмоқда. 2025 йилда Миллий банк олтин захираларини бирданига 57 тоннага оширди. Бу 1993 йилдан буён мавжуд статистика тарихидаги энг юқори йиллик харид ҳажмидир.
Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили мамлакатда қарийб 127 тонна ишлов берилмаган олтин ва 71 тонна аффинаж қилинган, яъни аралашмалардан тозаланган олтин ишлаб чиқарилган. Монетар олтин захиралари 368 тоннадан ортиқни ташкил этади. Бу кўрсаткич бўйича мамлакат жаҳонда 16-ўринда туради.
«Олтин қазиб олиш саноати — Қозоғистон ҳақиқатан ҳам фахрлана оладиган соҳалардан бири. У сўнгги 15 йил ичида бир неча баробар ўсди. Бу Қозоғистон саноатидаги муҳим тармоқдир. Мамлакат олтин қазиб олиш ҳажмини бир неча баробар оширди», — дейди мустақил молиявий таҳлилчи Андрей Чеботарёв.
Ўзбекистон — минтақада олтин захиралари бўйича етакчи
Ўзбекистон Марказий Осиёдаги ва дунёдаги йирик олтин ишлаб чиқарувчилардан яна биридир. World Gold Council маълумотларига кўра, мамлакат 2025 йилда қарийб 125 тонна олтин қазиб олиб, жаҳоннинг энг йирик ўнта ишлаб чиқарувчиси қаторидан жой олган.
Соҳадаги асосий иштирокчи — давлатга қарашли Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК). Жорий йилнинг биринчи ярмида корхона бир ярим миллиондан ортиқ трой унцияси, яъни тахминан 47 тонна олтин ишлаб чиқарган.
Компаниянинг асосий активи — дунёдаги энг йирик олтин конларидан бири бўлган Мурунтов. Умуман, компания таркибига 12 та йирик кон, еттита корхона ва уюмда ишқорлаш усулида ишлайдиган иккита мажмуа киради.
Ўзбекистонда топилган олтин бўлаги
НКМК давлат назорати остида қолмоқда. Ўзбекистон соҳани босқичма-босқич ислоҳ қилиб, компанияни қисман хусусийлаштиришга тайёрламоқда, аммо олтин қазиб олувчи энг йирик активлар ҳозирча давлат мулки бўлиб қоляпти. 2025–2026 йилларда НКМК акцияларининг бир қисмини халқаро фонд бозорига жойлаштириш имконияти муҳокама қилинди.
Олтин мамлакат халқаро захираларида ҳам ниҳоятда катта улушга эга. 2026 йил август ҳолатига кўра, бу кўрсаткич 87 фоизни ташкил этган. Монетар олтин захиралари бўйича Ўзбекистон Қозоғистондан олдинда: Тошкент 431 тоннадан ортиқ олтин жамғарган. Мамлакат олтин захиралари ҳажми бўйича дунёда 14-ўринни, Марказий Осиёда эса биринчи ўринни эгаллайди.
"Олтин — яхши гаров. Уни сотиш шарт эмас. Олтин гарови эвазига сизга пул беришади. Шунчаки облигациялар чиқариб: "Ертўлада олтин қуймаларимиз бор, уларнинг гарови эвазига бизга пул беринглар", дейсиз. Шунда сизга пул беришади ва олтиннинг ўзини сотмай туриб, бу маблағни сарфлайсиз. Чунки ҳозир олтинни сотмасликка ҳаракат қилишяпти. Барча прогнозлар унинг нархи бундан кейин ҳам ўсишини кўрсатмоқда. Бунга кескинлик, Трамп ва бошқа омиллар сабаб бўляпти", — дейди Андрей Чеботарёв.
Қумтор — Қирғизистоннинг энг муҳим олтин кони
Қирғизистон олтин қазиб олиш кўлами бўйича Қозоғистон ва Ўзбекистондан сезиларли даражада ортда қолади. Аммо олтин мамлакат иқтисодиёти учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.
Асосий манба — Қирғизистондаги энг йирик олтин кони бўлган Қумтор. Бу ерда 2025 йилда 12 тонна олтин қазиб олинган, компаниянинг тушуми эса қарийб 1,5 миллиард долларни ташкил этган. Kumtor Gold Company маълумотларига кўра, кон мамлакат товар ва хизматлар экспортининг учдан бир қисмидан ортиғини таъминлайди.
Қирғизистондаги Қумтор олтин кони.
"Компаниянинг 2025 йилдаги тушуми 1 миллиард 434 миллион АҚШ долларини, соф фойдаси эса 706 миллион доллардан ортиқни ташкил этди. Бюджетга солиқлар ва бошқа тўловлар кўринишида 246,5 миллион доллар ўтказилди. Шунингдек, 300 миллион доллар миқдорида дивиденд тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинди", — дейилади Kumtor Gold Company сайтида.
Қумтор давлат назоратига ўтказилиб, уни миллийлаштириш жараёни 2022 йил ёзида якунланганидан сўнг, бутун тизим ўзгарди. Кон олтинни мустақил равишда экспорт қилмайди. Конда ишлаб чиқарилган доре қуймаларини "Қирғизолтин" давлат компанияси сотиб олади ва кейин металлни Қора-Балтадаги аффинаж заводига юборади. Тозаланганидан сўнг олтин энг юқори — 999,9 пробага етказилади. Аффинаж қилинган олтинни мамлакат ичида ва хорижда сотиш бўйича мутлақ ҳуқуқ "Қирғизолтин"га тегишли.
"2025 йил якунларига кўра, "Қирғизолтин" очиқ акциядорлик жамиятининг даромади 20,7 миллиард сомни, соф фойдаси эса 18,7 миллиард сомни ташкил этди. 2024 йилга нисбатан фойда 9 фоизга ошди ва бу компания учун навбатдаги рекорд кўрсаткич бўлди. Йиғилиш якунларига кўра, акциядорлар олинган фойданинг 100 фоизини давлат бюджетига дивиденд сифатида йўналтиришга қарор қилди", — дея хабар берди "Қирғизолтин".
Қирғизистон Миллий банки ва Вазирлар Маҳкамаси мамлакатда қазиб олинган олтинни устувор тартибда сотиб олиш ҳуқуқига эга. Регулятор олтин-валюта захираларини тўлдириш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан мунтазам равишда олтин харид қилишини маълум қилган.
Бу активлар ҳажми ҳам сезиларли даражада ошган. 2026 йил 30 июнь ҳолатига кўра, Қирғизистон Миллий банки балансида қиймати қарийб 6,3 миллиард доллар бўлган монетар олтин мавжуд эди. Бундан ташқари, балансда қарийб 1,2 миллиард долларлик номонетар олтин алоҳида ҳисобга олинган. World Gold Council баҳосига кўра, Қирғизистон 2026 йилнинг иккинчи чораги ҳолатига 49 тонна олтин жамғарган.
Тожикистондаги олтинга бой "Зарафшон"
Тожикистондаги энг йирик олтин қазиб олиш активи — Суғд вилоятидаги Жилав ва Тарор конларида фаолият юритувчи "Зарафшон" корхонасидир. Унинг номи форс тилидан "олтин сочувчи" ёки "олтинга бой" деб таржима қилинади.
Ўтган йилдан буён компаниянинг 59,5 фоиз акцияси Хитойнинг Zijin Mining компаниясига, қолган улуши эса Тожикистон томонига тегишли.
"Зарафшон" 2025 йилда 6,1 тонна олтин ишлаб чиқарган. Компания йилига 6,5 тоннагача олтин эритиш қувватига эга ўз ишлаб чиқариш корхонасига эга.
Тожикистоннинг Панжикент шаҳридаги олтин рудасини қайта ишлаш заводи.
Тожикистонда ишлаб чиқарилган олтиннинг салмоқли қисмини Миллий банк сотиб олади. Харид қилинган металл кейинчалик иккиламчи аффинаждан ўтказиш — монетар олтин стандартларига етказиш ва халқаро захиралар таркибига киритиш учун хорижга, одатда Швейцарияга юборилиши мумкин.
Ўтган йили Тожикистон Миллий банки раиси мамлакат халқаро захиралари таркибида олтиннинг улуши 20 фоизга етганини маълум қилган.
World Gold Council баҳосига кўра, Тожикистоннинг олтин захиралари 7,4 тоннани ташкил этади.
Туркманистон эса олтин қазиб олиш харитасида ҳамон "оқ доғ" бўлиб қолмоқда: олтин қазиб олиш ва унинг захираларига оид очиқ расмий маълумотлар деярли мавжуд эмас. Мамлакат экспортининг асосини эса тарихан углеводородлар ташкил этиб келган.
Савдо статистикасидаги аномалия
"2022 йилгача олтин нархи ўсмади, ҳатто пасайди — нарх муайян диапазонда ҳаракатланди. Дунё банклари олтинни ўтмишда қолган актив, валюта захиралари эса етарли деб ҳисобларди. 2022 йилда Россиянинг олтин-валюта захиралари музлатилиши кўплаб банкларнинг кўзини очди: валюта захиралари блокланиши мумкин экан. Омбордаги олтин эса ҳар қандай ҳолатда ҳам олтинлигича қолади ва уни исталган пайтда сотиш мумкин. Шунинг учун 2022 йилдан олтин нархи ўса бошлади. Бунга дунё марказий банкларининг яна олтин харид қилишга қайтиши туртки берди. Бу нархни кескин оширди. Олтин қимматлашаётгани ва бу тенденция ҳануз давом этаётгани учун бошқа бозор иштирокчилари ҳам унга эътибор қарата бошлади", — дейди Андрей Чеботарёв.
Иллюстратив сурат
Ҳозир марказий банклар глобал инфляция ва геосиёсий кескинлик ортидан нархлар ўсиб бораётган бир пайтда олтинни сотиш эмас, балки жамғаришга ҳаракат қилмоқда. Сўнгги беш йилда металл нархи қарийб уч баробар ошди: 2021 йилда олтиннинг ўртача нархи бир унция учун 1798 доллар бўлган бўлса, 2026 йил август ҳолатига кўра, бу кўрсаткич 4598 долларни ташкил этмоқда. Аммо нархлар кескин кўтарилишидан аввал олтин ишлаб чиқарувчи давлатлар уни фаол сотган.
Швейцариялик суриштирувчи журналистлар 2024 йилда савдо статистикасидаги аномалия ҳақида ёзган. SWI swissinfo.ch нашри Ғарб Россияга қарши санкциялар жорий этганидан сўнг Қозоғистон ва Ўзбекистондан Буюк Британия ҳамда Швейцарияга олтин етказиб бериш ҳажми ғайриоддий тарзда ошганига эътибор қаратган.
Айрим даврлардаги савдо ҳажмларини фақат мамлакатлардаги ички қазиб олиш кўрсаткичлари ёки минтақа давлатларининг олтин захираларидаги ўзгаришлар билан изоҳлаш қийин бўлган.
"Қозоғистон ва Ўзбекистондан олтин етказиб бериш ҳажмининг кескин ошиши сезиларлидир. Швейцария Федерал божхона ва чегара хавфсизлиги бошқармаси (FOCBS) маълумотларига кўра, 2023 йилда жами 130 тонна ўзбек олтини — қиймати 7,3 миллиард Швейцария франки ёки 8,54 миллиард АҚШ доллари — юқори даражада тозаланган олтин қуймалари кўринишида келтирилган. Шундан 100 тоннаси тўғридан-тўғри Ўзбекистондан импорт қилинган, яна 30 тоннаси Буюк Британия орқали етказилган. Бу жаҳоннинг энг йирик олтин савдоси марказларидан бири бўлган Бирлашган Араб Амирликларидан импорт қилинган ҳажмга — 150 тоннага — деярли тенг. Ўша йили Қозоғистондан қиймати 3,3 миллиард Швейцария франки бўлган 59 тонна олтин қуймаси келтирилган: 58 тоннаси Буюк Британия, бир тоннаси эса Қирғизистон орқали", — дейилади SWI swissinfo.ch суриштирувида.
Шунда савол туғилди: бу олтиннинг барчаси Марказий Осиёда қазиб олинганми?
Швейцария нашри суҳбатлашган экспертлар бу оқимларнинг бир қисми Россия олтин экспортининг учинчи давлатлар орқали қайта йўналтирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Россияда олтин қазиб олиш ва экспорт ҳажмлари, шунингдек, қўшни давлатлар билан яқин иқтисодий алоқалар Марказий Осиё олтин бозорига бевосита таъсир кўрсатади.
"SWI swissinfo.ch олти ой давомида савдо кўрсаткичларини таҳлил қилди ва олтин қазиб олиш саноатига алоқадор йигирмага яқин миллий ҳамда халқаро экспертлар — маълумот етказиб берувчилар, молия институтлари, таваккалчилик таҳлилчилари, олтин аффинажи бўйича мутахассислар ва регуляторлар билан маслаҳатлашди. Уларнинг кўпчилиги бу импорт оқимлари харидорлар учун ҳуқуқий ва ахлоқий хавфлар туғдириши мумкинлигини айтди. Чунки улар халқаро санкцияларни бузиши ва харидорларнинг обрўсига путур етказиши эҳтимоли бор", — деб ёзган суриштирувчилар.
Муҳим изоҳ: суриштирувчилар муайян олтин партияларининг келиб чиқиши ёки аниқ бир схемаларни исботламаган. Улар Ўзбекистон ва Қозоғистон Россия ҳарбий машинасини молиялаштиришга ёрдам бериш мақсадида санкцияларни четлаб ўтиш учун ишлатилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни баён қилган. Аммо бу олтиннинг бир қисми Россияда қазиб олинганини қатъий тасдиқлаб бўлмайди.
"Азаттык Азия" Қозоғистон Миллий банки ва Ўзбекистон Марказий банкига Швейцария суриштирувчилари илгари сурган тахминларга изоҳ беришни сўраб мурожаат қилди. Материал эълон қилинган пайтга қадар жавоб олинмади.
19 август куни Озодликнинг Қирғиз хизмати ҳам Қирғизистон ва Хитойнинг олтин савдосига оид статистикаси ўртасидаги кескин тафовут ҳақидаги суриштирувни эълон қилди. Хитой божхонаси маълумотларига кўра, 2024–2025 йилларда Қирғизистондан жами қарийб 7,6 миллиард долларлик 78 тоннага яқин олтин келтирилган. Шундан 30 тоннадан ортиғи 2024 йилда, қарийб 5 миллиард долларлик 47,9 тоннаси эса 2025 йилда етказилган.
Айни пайтда Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси 2025 йилда Хитойга тўғридан-тўғри атиги 200 грамм олтин экспорт қилинганини билдирмоқда. Қирғизистон Божхона хизмати статистикадаги тафовутни тан олган ва етказиб беришларнинг асосий қисми махсус бонд ҳудудлари орқали ўтган ҳамда учинчи давлатлардан келтирилган олтиндан иборат бўлганини тушунтирган.
Расмийлар олтиннинг келиб чиқиш мамлакати ёки уни ташиш ортида турган компаниялар номини ошкор қилмаган. Қирғизистоннинг ташқи савдо статистикасида эса бу етказиб беришларнинг излари деярли мавжуд эмас.
Бу шубҳалар Марказий Осиёга қандай таҳдид солиши мумкин?
Олтиннинг ўзи қимматли ва ликвид актив бўлиб қолаверади. Аммо унинг халқаро савдоси учун металлнинг келиб чиқиши, етказиб бериш занжирининг шаффофлиги ва бозор иштирокчиларининг ишончи ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Агар халқаро регуляторларда хомашёнинг келиб чиқиши ёки муайян корхона фаолияти юзасидан эътирозлар пайдо бўлса, бу унинг энг йирик бозорларга кириш имкониятини чеклаши мумкин.
Бундай ҳолатлар аввал ҳам кузатилган: Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан сўнг, Россиядаги олтита аффинаж корхонасининг Good Delivery мақоми тўхтатилган.
Бу мақом олтин бозори учун жуда муҳим: у маҳсулот жаҳондаги энг йирик олтин бозорларидан бири — Британия бозори стандартларига мувофиқлигини тасдиқлайди. Мақомнинг йўқотилиши олтинни умуман сотиб бўлмайди, дегани эмас. Аммо бу харидорлар доирасини кескин торайтириб, харажатларни оширади.
Бундай вазиятда ишлаб чиқарувчилар муқобил бозорлар ва сотув каналларини излашга мажбур бўлади.
Айни пайтда олтин масаласида минтақа давлатлари учун гап бир нечта қуйма партиясидан анча катта манфаатлар ҳақида бормоқда. Қозоғистон ўз захираларини тўлдириш учун мамлакатда қазиб олинган олтинни сотиб олади. Ўзбекистон халқаро активларининг катта қисмини олтинда сақлайди. Қирғизистон учун олтин қазиб олиш экспорт даромадларининг асосий манбаларидан бири бўлиб қолмоқда. Тожикистон ҳам захираларидаги олтин улушини босқичма-босқич оширмоқда. Шу боис асосий савол Марказий Осиё қанча олтин қазиб олаётганидагина эмас, балки жаҳон бозори бу олтин айнан қаердан келганига ишонч ҳосил қила оладими, деган масалада ҳамдир.