HRW Европа Иттифоқини марҳум Азимжон Асқаровни оқлаш учун Бишкекка қатъий талаб қўйишга чақирди

69 ёшга тўлган Азимжон Асқаров 2020 йилнинг 25 июлида қамоқхонада пневмониядан вафот этган.

Human Rights Watch халқаро ташкилоти Европа Иттифоқи расмийларини Бишкек қамоқхонасида вафот этган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни оқлаш учун Қирғизистон ҳукуматига қатъий талаб қўйишга чақирди.

Ташкилот сайтида эълон қилинган расмий баёнотда таъкидланишича, Қирғизистон судлари Азимжон Асқаровга нисбатан сохталаштирилган жиноят ишлари асосида адолатсиз ҳукмларни чиқарганлар.

“4 июнда Брюсселда ўтадиган “Бир дунё” фестивали доирасида Азимжон асқаровнинг турмуш ўртоғи Ҳадича Асқарова иштирокида Марина Шупак тасвирга олган “Адолатнинг охирги имконияти” деб номланган ҳужжатли фильм намойиш этилади. ККейин мазкур фильм юзасидан муҳокама ўтказилади. Муҳокамага Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Эйсон Гилмор, Европа парламентининг вице-президенти ва Европа парламентининг Марказий Осиё бўйича махсус идорасининг вакили Хайди Хаутала қатнашади. Шу куни Европа Иттифоқининг айрим вакиллари қирғиз ҳукумати расмийлари билан учрашади. Бу учрашувда Европа Иттифоқи расмийлари президент Садир Жапаровнинг маъмуриятидан Азимжон Асқаровга нисбатан чиқарилган суд ҳукумларини бекор қилишни, унинг оиласига товон пули тўлаб берилишини талаб қилиши лозим”,-дейилади баёнотда.

69 ёшга тўлган Азимжон Асқаров 2020 йилнинг 25 июлида қамоқхонада пневмониядан вафот этган. У 2010 йилдаги июнь воқеаларида оммавий тартибсизликларни уюштириш ва одам ўлдиришда иштирок этганликда айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Азимжон Асқаров тириклик чоғида бу айбловларни тан олмаган. Ҳуқуқ фаоли жасади ўзининг васиятига биноан 31 июль куни Тошкентда дафн этилган.

Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида яшаб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган.

Жаҳондаги етакчи халқаро ташкилотлар (HRW, CPJ, Amnesty International ва б.) ҳамда ҳуқуқ фаоллари 10 йилдан буён қирғиз расмийларини А. Асқаров ишини қайта кўриб чиқиб, уни озод қилишга чақириб келганлар.

Европа парламенти депутатлари, АҚШнинг қатор сенаторлари Қирғизистон ҳукуматини сиёсий мотивлар асосида қамалган маҳкумлар, жумладан, Азимжон Асқаровни қамоқдан озод этишга чақиришган.

2015 йили Азимжон Асқаровга АҚШ Давлат департаментининг “Инсон ҳуқуқлари фаоли” мукофоти топширилган. Шундан сўнг қирғиз ҳукумати норозилик сифатида Вашингтон билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини бекор қилган эди.