БМТ Халқаро атом энергияси агентлиги (IAEA) раҳбари Теҳрон билан музокараларда икки томон келишувга эришганини, фақат Эрон ҳамкорлик борасидаги муҳим шартномадаги иштирокини вақтинча тўхтатиб туришини ҳамда IAEA инспекторларига “камроқ ижозат” беришини билдирди.
Аввалроқ расмий Теҳрон АҚШ санкцияларни бекор қилмаса Эрон IAEA инспекторларига қисқа муддатли текширувларни ўтказишни тақиқлаши ҳақида маълум қилганди.
Гросси Эрон томонидан белгиланган муддат якунланишига икки кун қолганда Эрон расмийлари билан муросага эришган.
Музокараларда “маъқул натижага” эришилди деб ҳисоблайди Гросси.
Гроссининг айтишича, Теҳрон икки ой олдин қабул қилинган қонунни барибир кучга киритади. Бу қонунда БМТ агентлиги Эрондаги ядровий иншоотларни исталган пайтда текшириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши кўзда тутилган. Лекин, Гроссининг қўшимча қилишича, эронлик расмийлар IAEA назорат ва мониторинг ишлари яна 3 ойгача давом этишига рози бўлган.
Гросси Теҳрон билан музокаралар олиб борар экан, АҚШ ва Эрон расмийлари икки томон ҳам 2015 йилги ядровий келишувни тўлиқ бажаришга қайтишига имкон қолдирганини билдирган. Шу билан бирга, АҚШ ҳам, Эрон ҳам биринчи қадамни ташлашга ундаш мақсадида бир-бирига дипломатик тазйиқни кучайтирган.
Эрон ташқи ишлар вазири Мохаммад Жавад Зарифнинг PressTV телеканалига айтишича, ядровий келишувга имзо чеккан барча томонлар ўз мажбуриятини бажарса, Теҳрон ҳам 2015 йилги ядровий келишувни тўлиқ бажаришга қайтиш ҳақидаги музокараларга тайёрдир.
Ўз навбатида, АҚШ президенти Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ҳам музокараларни давом эттириш ҳақидаги Байден маъмуриятининг таклифига “Эрон ҳали муносабат билдирмаганини” айтган.
Жейк Салливаннинг таъкидлашича, Байден “Эроннинг уранни бойитиш дастурини чеклаш ҳақида эронликлар билан музокара қилишга тайёрдир”.
“Бу таклиф ҳали ҳам кучда, чунки биз дипломатия энг маъқул йўл эканлигига ишонамиз”, деб қўшимча қилган Салливан.