Испанияда конвертга солинган бомбани 5 та манзилга, жумладан, бош вазирга ҳам жўнатишган

Испания полициячилари.

Испания Миллий суди судьяси Украинанинг Мадриддаги элчихонасида 30 ноябрь куни содир этилган портлашни теракт сифатида талқин қилмоқда. Бу ҳақда Europa Press ўз манбаларига таянган ҳолда хабар берди.

Суд суриштируви полициянинг дастлабки тергов тўғрисидаги ҳисоботидан сўнг бошланди. Тўлақонли тергов судья портлаш тўғрисида тўлиқроқ маълумот ва далилларни қўлга киритганидан сўнг бошланади, дейилади хабарда.

Чоршанба куни Украинанинг Мадриддаги элчихонасига почта орқали бомба юборилгани хабар қилинган эди. Elpais нашрига кўра, портловчи модда конверт ичига жойланган бўлган ва элчихона ходими конвертни очаётган пайтда портлаш содир бўлган. Украина элчихонасига юборилган бомба портлаши натижасида элчихона ходими енгил жароҳат олди.

Испания нашрларининг ёзишича конвертли бомбани Саргосдаги қурол ишлаб чиқарувчи Instalaza заводига ҳам юборишган. Мазкур заводда Испания Украинага етказиб берган C90 ракетасини ишлаб чиқарилади. Конверт зарарсизлантирилганлиги ортидан заводда ҳеч ким жабрланмади.

1 декабрда Торрехон-де-Ардос авиабазаси ва Мудофаа вазирлиги штаб квартирасига ҳам мана шундай шубҳали конвертлар келгани хабар қилинди. Шу куни Ички ишлар вазирлиги Миллий судни 24 ноябрь куни бош вазир канцеляриясига ҳам шубҳали конверт келгани, шахсан бош вазир номига юборилган конвертда портловчи “пиротехник материал” бўлгани тўғрисида хабардор қилди.

Ҳозирча бу воқеалар ўзаро бир бирига боғлиқми ёки йўқ деган савол очиқ қолмоқда. Бу жўнатмалар ортида ким тургани ҳам маълум эмас.