Испанияда парламент тарқатилди, мамлакатда муддатидан илгари сайлов ўтказилади

Педро Санчес

Испания бош вазири Педро Санчес парламент тарқатилганини ва 23 июль куни муддатидан илгари парламент сайлови ўтказилишини эълон қилди.

Санчес бу баёнотни ўзи бошчилик қиладиган Испания социалистик ишчи партияси ўтган якшанба куни ҳудудий ва муниципал сайловларда муваффақиятсизлиик учрагани ортидан берди.

Сайлов ўтказилган 12 та мухтор ҳамжамиятнинг кўпчилигида овоз бериш натижаларига кўра социалистларнинг доимий рақиби бўлган консерватив қарашдаги Халқ партияси вакиллари ғалаба қозонишган. Консерваторлар учун қарийб 7 миллион киши овоз берган. Бу эса сайловчиларнинг 30 фоиздан кўпроғини ташкил қилади. Социалистлар 6 миллиондан сал кўпроқ овоз йиғишган.

Санчес бош вазир ва партия раҳбари сифатида нима учун парламентни тарқатиш қарорига келгани юзасидан изоҳ бераркан, “гарчи кечаги сайловлар маҳаллий ва ҳудудий кўламга эга бўлса-да, овоз бериш мазмунида бу доирадан тошадиган мужда бор”, деган.

Бош вазир ўз қарори ҳақида давлат раҳбари – қирол Филипп VI ни хабардор қилганини қайд этган.

Аввалроқ Испанияда парламент сайлови жорий йил охирида бўлиб ўтиши тахмин қилинаётганди.

Педро Санчес ўз салафи Мариано Рахоя ҳукуматига ишончсизлик билдирилгани ортидан 2018 йил июнида бош вазирликка киришган.