Исроил аскарлари Ғазода ҲАМАС назоратидаги ҳукумат биноларини эгаллади

Исроил армияси Ғазода парламент, ҳукумат ва полиция биноларини эгаллади. Улар шу кунгача ҲАМАС назорати остида эди. ҲАМАС Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқида террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган.

ЦАХАЛ ҲАМАС учун «қурол ишлаб чиқариш» институти сифатида хизмат қилган инженерлик факультети ҳам эгалланганини билдирди.

Исроил армияси Ғазода ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиётни кучайтирмоқда. ЦАХАЛ, жумладан, Ғазодаги энг йирик тиббий марказ бўлган Аш Шифа касалхонасини ҳам қуршовга олган. Исроил ҳукумати мазкур касалхона ҳудудида экстремистларнинг ер ости штаби жойлашганини иддао қилаётир. ҲАМАС эса буни рад этмоқда ва касалхонадаги 650 бемор, камида 5 минг қочқин Исроил снайперлари ва дронлари ҳужумларининг «тузоғига тушиб қолган»ини айтмоқда.

Reuters агентлиги 14 ноябрда фаластинликлар Аш Шифа касалхонаси ҳудудида Исроил қуршови пайтида вафот этган беморларни дафн этиш учун биродарлик қабри қазигани ҳақида ёзди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича, Ғазодаги 36 та тиббиёт ташкилотининг 22 таси ишламаяпти. Қолган 14 та касалхонада эса дори-дармон ва жарроҳлик операциялари учун керакли воситалар етишмаяпти.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш гуманитар мақсадларда томонларни ўт отишни тўхтатишга чақирди.