Исроил Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгашидан чиқишини очиқлади

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар

Исроил Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгашидан чиқмоқчи – аввалроқ АҚШда шу каби қарор қабул қилинган. Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саарнинг билдиришича, Тель-Авив АҚШ президенти Дональд Трампнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгаши фаолиятида иштирок этмасликка оид қарорини олқишлайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгаши одатан инсон ҳуқуқларини бузадиганларни ҳимоя қилади ва бунинг ўрнига Яқин Шарқдаги ягона демократия бўлган Исроилни шайтонлаштиради”, дея билдирган Саар.

У Исроил “100 дан зиёд қораловчи резолюция” ҳадафи бўлгани, бу эса кенгаш томонидан қабул қилинган бутун резолюцияларнинг 20 фоиздан кўпроғини ташкил этишини қўшимча қилган.

Бу Эрон, Куба, Шимолий Корея ва Венесуэлага нисбатан қабул қилинган резолюцияларнинг жамидан ҳам кўп”, деган Исроил ТИВ раҳбари.

АҚШ президенти Дональд Трамп 4 февраль куни Қўшма Штатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгаши дохил Бирлашган Миллатлар ташкилотининг қатор органларидан чиқишига оид фармонни имзолаган эди. Трамп изоҳига кўра, бунга асосан АҚШ билан бошқа мамлакатлар ўртасида бу ташкилотларга берилаётган маблағларда сезиларли даражада фарқ борлиги сабаб бўлган. Ҳужжатда, шунингдек, АҚШ БМТнинг фаластинликларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) билан ҳам ҳамкорликни тўхтатиши айтилган.