Истанбулда чавақланган ўзбекистонлик муҳожир касалхонада жон берди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида шу йилнинг 23 февраль куни баданига ўткир тиғли жисм билан оғир тан жароҳати етказилган ўзбекистонлик О.Б. вафот этган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси маҳаллий прокуратура вакилларига сўзларига таянган ҳолда маълумот тарқатди.

Хабарномада ўзбекистон муҳожир олинган тан жароҳатлари туфайли Истанбулдаги Башакшеҳир давлат шифохонасида оламдан ўтгани айтилган.

Ўзбек дипломатлари мазкур ҳолат ўзлари томонидан қатъий назоратга олиниб, Туркиянинг ваколатли органлар томонидан бу борада терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирганлар.

Қайд этилишича, Бош консулхона марҳум муҳожир жасадини дафн қилиш учун Ўзбекистонга олиб кетишда лозим бўладиган барча зарур ҳужжатларни расмийлаштирган ва марҳумнинг оила аъзоларига керакли ҳуқуқий ёрдамни кўрсатган.

Озодлик аввалроқ Истанбулнинг Малтепе мавзеида 2020 йил 9 декабрида рўй берган можарода ўзбекистонлик 31 ёшли Бурҳонжон Олчинов маҳаллий тиланчи томонидан пичоқлаб ўлдирилгани, 12 декабрь куни эса шаҳарнинг Чаталжа мавзеида юз берган ўзаро жанжал оқибатида ўзбекистонлик 34 ёшли Х.Х. вафот этгани ҳақида хабар қилганди.