ЖБ “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўли қурилишида ёрдамга тайёр эканини билдирди

Иллюстратив сурат

Жаҳон банки “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш учун амалий кўмак беришга ва лойиҳада иштирок этиш учун бошқа халқаро молия институтларини жалб этишга тайёр. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқовнинг Жаҳон банки Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Бьерде бошчилигидаги делегация билан куни кеча Тошкентда ўтказилган музокаралари чоғида билдирилган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати қайдича, музокараларда мазкур лойиҳа доирасида Жаҳон банки томонидан дала тадқиқотлари ўтказилиши молиялаштирилиб, лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиши учун техник ёрдам кўрсатилиши урғуланган, бироқ ЖБ кўрсатадиган ёрдам суммаси очиқланмаган.

Жорий йил февраль ойи бошида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон мулозимлари “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қуриш бўйича йўл харитасини имзолагани ҳақида аввалроқ хабар қилинганди. Қурилиши сентябрь ойида бошланиши очиқланган темир йўл лойиҳасига Жаҳон банкидан ташқари Европа инвестиция банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ҳамда АҚШнинг халқаро тараққиёт молиявий корпорацияси (DFC) қизиқиш билдиргани айтилмоқда.

“Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўли лойиҳасининг умумий қиймати қарийб 5 миллиард долларга баҳоланган. 573 километрга узанажак бу йўл орқали келажакда йилига 20 миллион тонна юк ташиш мумкинлиги қайд этилган.