Шилқимлик учун беш сутка - музей қоровулидан маҳалла раисигача... Ўзбекистонда жинсий тегажоғлик

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Олий суди ярим йил ичида аёлларга шилқимлик қилган қарийб 1000 нафар шахс жазоланганини билдирди.

Жамоатчилик фикрининг фаоллашувидан сўнг мамлакатда жинсий тегажоғлик масаласи қонуний тартибга солинган.

Жавобгарлик кучайтирилганига қарамай, бу муаммони гапириб чиққанлар ижтимоий тармоқларда кўп танқидга учрайди.

"Рақамларнинг аҳамияти йўқ"

Олий суд матбуот хизмати 2025 йилнинг биринчи ярмида Маъмурий жавобгарлик кодексининг “шаҳвоний шилқимлик” моддаси 986 шахс жазоланганини маълум қилган. Уларнинг 358 нафарига жарима, 628 нафарига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Йилнинг иккинчи ярмида ҳам аёлларга шаҳвоний мақсадда тегиниш ҳолатлари камаймаган. Бир йиллик расмий статистика ҳали эълон қилинмаган бўлса‑да, мутасадди идоралар шилқимликда айбланган ёки судланган эркаклар ҳақидаги маълумотларни мунтазам равишда жамоатчиликка тақдим этмоқда. Шунингдек, “қилмиши учун пушаймон эканини” айтган эркаклар марказий телеканаллар орқали халққа кўрсатиляпти.

Масалан, 2025 йилнинг сентябрь ойида бир эркак Тошкентдаги автобусда нотаниш қизга тегажоқлик қилгани учун беш суткага қамалган.

Ундан аввал Марғилонда 17 ёшли қизга шилқимлик қилган маҳалла раисига, яна бир ҳолатда эса ижара уйда турган аёлга тегажоқлик қилган 28 ёшли йигит шундай жазо тайинланган.

Олий суд матбуот хизматининг Телеграм-каналидаги маълумотларга кўра, жавобгарликка тортилганлар орасида музей қаровули, метро йўловчиси, самолётдаги аёлга суйкалган оқсоқол ва бошқалар бор.

Жамоат транспортидаги шилқимликни акс эттирувчи сурат. Расмни прагалик фаоллардан бири чизган.

Иқтисодчи олима, тармоқ фаоли Барногул Санақулова Озодлик мухбири билан суҳбатда ярим йилда мингга яқин одамнинг тегажоғлик учун жазоланиши мақтанадиган кўрсаткич эмаслигини таъкидлади:

"Бу сон статистика сифатида ҳам катта аҳамиятга эга эмас. Бу - денгиздан томчи, холос. Тан олиш керакки, 2023 йилдан буён ушбу масалани фаоллар кўп муҳокамага олиб чиқиб, унга қарши туришни тарғиб қила бошлади. Бундай ҳолатлар юз берганда, бошқаларга хабар бериш уят эмаслигини англашимиз лозим. Биздаги асосий муаммо - қурбонни муҳокама қилиш биринчи ўринга чиқиб кетади. Агар у қиз бола бўлса, “ўзи очиқ кийингандир” дейишади. Зўравон четда қолиб, қурбонни муҳокама қилаётганимиз учун ҳам, бундай қарашлар ҳалигача сақланиб қолгани учун ҳам, муаммонинг ечими узоққа чўзилиб кетяпти” - дейди Санақулова.


Тегажоғликдан жабрланган қизлар акси. Грузиялик рассом чизган расм.

Ўзбекистонда 2019 йилда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган, 2023 йил апрелида эса Маъмурий жавобгарлик кодексига 41 модданинг биринчи банди билан “жинсий аҳлоқсизлик” тушунчаси киритилиб, тегажоғлик аниқ ҳуқуқий тартибга солинган.

Ҳуқуқ фаоли Гулноз Мамарасулова шундан кейин шилқимликка қарши шикоятлар ва расмий баёнотлар сезиларли кўпайганини айтади:

“Бу ерда, менимча, жамоатчиликнинг роли жуда катта бўлди. Фаоллар ижтимоий тармоқларда кескин хабардорликни оширди. Авваллари халқ орасида ҳам “шилқимлик нима? Уни ҳуқуқий жиҳатдан қандай категориялаш мумкин? Бу жиноий жавобгарликка ёки бошқа турдаги жавобгарликка асос бўла оладими?” деган саволлар бор эди. Аёллар ҳуқуқларини ёритиб борадиган фаоллар орқали халқнинг ҳуқуқий онги ошиб бориши, одамлар орасида хабардорликнинг ортиши бу тушунчанинг ҳуқуқий категория сифатида баҳоланишига олиб келди. Мен буни биринчи ўринда жамоатчиликнинг ҳаракатлари сифатида баҳолаган бўлардим”.

"Жамият заифларни ҳимоя қилмайди"

Кузатувчиларга кўра, жамиятнинг катта қисми шилқимлик - қилмиш эканини ҳамон тўлиқ тушунмайди ва бундай хатти-ҳаракатни “оддий ҳолат” сифатида қабул қилади.

Зўравонлик, тегажоғлик каби муаммоларни ёритиб келаётган журналистлар ва фаоллар айнан шу ҳақда гапиргани учун ижтимоий тармоқларда буллинг ва ҳақоратларга учраганини айтишади.

"Қонун ўзгартирилиши билан дарров амалда ишлаб кетмайди. Менимча, жамиятдаги оғриқли нуқта - ҳали-ҳануз зўравонлик ҳолатларини қоралаб чиққанларга нисбатан танқидларнинг кўплиги. Жабрланувчи қатламни ҳимоя қилганларни қоралаш, ҳатто маданият сифатида шаклланиб бормоқда. Демак, бу жамиятда заифларни эмас, кўпроқ кучлиларни ҳимоя қилувчи ижтимоий муҳит сақланиб турганини англатади” - деди Мамарасулова.

Шахсга нисбатан номақбул жинсий ишора қилиш, шаҳвоний мазмунда гапириш - шилқимликка киради. Ҳалқаро терминда бу харассмент деб аталади.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, шилқимлик учун 660 минг сўмдан 1,65 млн сўмгача жарима ёки 5 суткагача қамоқ белгиланган. Такрорий ҳолатда жазо 2,31 млн сўмгача ошади ёки 15 суткагача қамоқ қўлланилади.

Қирғизистонда харассментга қарши уюштирилган кампания доирасида чизилган расмлардан бири.

Эркакларнинг гапириб чиқиши - муҳим

Расмий маълумотлар тегажоғлик учун жавобгарликка тортилганларнинг катта қисми жамоат транспортида содир бўлган ҳолатлар билан боғлиқ эканини кўрсатади. Шунинг учун баъзи фаоллар орасида “автобуслардаги тиқилинч сабаб эркак аёлга тасодифан тегиб кетган бўлиши мумкин” деган фикрлар ҳам билдирилади.

“Тегажоғлик - зўравонликнинг бошланиши. Бу турдаги зўравонлик камбағаллашаётган ёки ҳаддан зиёд бойиган жамиятларда кўп учрайди. Биз камбағаллашаётган жамият эканимизни ҳисобга олсак, бундай хавф ортиб бораверади, камаймайди. Шунинг учун бу муаммони эркаклар гапириб чиқиши муҳим. Улар муҳокама қилиб, бундай ҳолатларга қарши чиқиши орқали “ўз фарзандим эртага шундай хавфга дуч келмаслиги учун огоҳлантиряпман” деб ўйлаши лозим. Зўравонликнинг бу турига мойиллиги бор инсонларни на таблетка, на 5 сутка ёки 10 сутка қамаш билан жазолаб бўлмайди. Бу - миянинг касаллиги. Энг катта жазо - жамият тазйиқига учраш” - дейди олима Барногул Санақулова.

Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик ва жинсий таъқиб ҳолатлари охирги йилларда Nemolchi.uz ҳамда турли подкаст лойиҳалари орқали кенг ёритила бошлаган.

Хотин-қизлар хавфсизлиги масаласини кўтариб келаётган расмийлар орасида Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи шахс сифатида тилга олинади.

Аммо Барногул Санақулова масалани ҳал қилиш учун ўтказилаётган тадбирлар мақсадли аудиторияга қаратилмаётганини айтади:

“Бир қараганда, бу муаммо умуман бундай масалага алоқаси бўлмаган одамлар орасида муҳокама қилинади. У инсонларнинг кўчада шилқимликка учраш эҳтимоли жуда кам. Шундай инсонларни йиғиб олиб муҳокама қиламиз. Яъни бу ерда мақсадли аудитория нотўғри танланади. Мақсадли аудитория ким? Улар - боғчалар, улар - мактаблар, улар - олий ўқув юртлари”.

Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши акцияга чиққан ливанлик қиз.

Ҳар учинчи аёл дуч келган муаммо

Дунё мамлалатларида харассментга қарши акциялар сўнгги ўн йилликда фаоллашган ва ўнлаб ўлкаларда шилқимлик тақиқланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, дунёда ҳар учинчи аёл умри давомида жинсий зўравонликка ёки шилқимликка дуч келади. Ишлайдиганлар орасида эса жинсий таъқиб статистикаси 6–8% атрофида қайд этилган, аммо халқаро тадқиқотларда жабрланувчиларнинг 70–85% расмий шикоят қилмаслиги сабабли аниқ кўламни ўлчаш қийин экани ҳам айтилади.

Қўшни Қирғизистонда 2022 йилдан бери жинсий таъқибка қарши кампаниялар ўтказилиб, жабр кўрган қизларнинг ҳикоялари жамланган китоблар нашр этилган. Қозоғистонда ҳам фаоллар мунтазам акцияларни ташкил этиб келадилар.

Баъзи ҳолатларда йигитлар ҳам қизлар томонидан қилинган шилқимликдан жабр кўради. Масалан, жорий йил октябрида қозоғистонлик блогер Аружан Айбекова Тошкент метросида йигитларга тегишиб пранк қилгани учун қаттиқ танқидга учраган ва кейинчалик Олмаота полицияси уни профилактик суҳбатга чақирган.

Ҳар йили кузнинг охири ва қишнинг бошида гендер зўравонлигига қарши 16 кунлик глобал кампания ўтказилади. У 25 ноябр - Аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро кунидан 10 декабр - Инсон ҳуқуқлари кунигача ўтказиладиган ташаббус. 1991 йилда фаоллар томонидан бошланган бу кампанияни ҳозир БМТ ва турли ташкилотлар қўллаб-қувватлайди.