Жосуслик дастурини ишлаб чиқарган Исроил ширкатида тинтув ўтказилди

Исроил махсус хизматлари Pegasus жосуслик дастурий таъминоти ишлаб чиқарувчиси бўлмиш NSO Group ширкати офисларида тинтув ўтказди. Бу ҳақда Исроил Мудофаа вазирлиги маълум қилган.

Аввалроқ Forbidden Stories ташкилоти ва бир неча ОАВ ушбу дастур қатор мамлакатларда журналистлар, фаоллар ва ҳуқуқбонлар, ҳатто давлат раҳбарлари, хусусан Франция президенти Эммануэл Макронни кузатишда қўлланилганини хабар қилишган.

NSO Group тинтувга оид маълумотни тасдиқлаб, текширувни олқишлашини билдирган. Ширкат Pegasus дастури журналист ва сиёсатчиларни кузатишда қўлланилганига оид ОАВ хабарларини “ёлғон”, деб атаган. Ишлаб чиқарувчи мазкур дастур террорчи ва жиноятчиларга қарши курашга мўлжалланганини иддао қилмоқда.

Calcalist нашри ўз манбаларига таянган ҳолда, NSO Group тергов ҳаракатлари ўтказилиши ҳақида олдиндан огоҳлантирилгани тўғрисида ёзган. Қолаверса, махсус хизматлар ҳужатларни синчиклаб текширмаган. Журналистлар Исроил Мудофаа вазирлиги NSO Group фаолиятидан манфаатдорлигини ва илгари ширкатни бир неча бор суд даъволаридан ҳимоя қилганини таъкидлашмоқда.

Ширкатда ўтказилган текширув Исроил мудофаа вазири Бени Ганцнинг Францияга ташрифи ва у ерда Pegasus билан боғлиқ можаро муҳокама қилиниши эҳтимоли билан боғлиқ, деган тахмин мавжуд.

Pegasus ҳавола орқали мобил қурилмаларга кириб олиб, электрон хатлар, қўнғироқлар ва матнли хабарларни яширинча ёзиб олади. Айрим ҳолларда дастур ҳаволага босилмаган тақдирда ҳам фаоллашиши мумкин.

Дастур саудиялик мақтул шарҳловчи Жамол Хашоггининг яқинларига тегишли смартфонларни бузиб киришда муваффақиятли қўлланилгани аниқланган.

Электрон қурилмалари Pegasus ёрдамида масофадан очилган шахслар рўйхатида CNN, Associated Press, Voice of America, New York Times, Wall Street Journal, Bloomberg News, Le Monde во Франции, Financial Times ва Al Jazeera каби ОАВлар ходимлари бор.

Бундан ташқари, дастур 65 нафар тадбиркор, 85 нафар ҳуқуқбон ва 600 дан зиёд сиёсатчини кузатишда татбиқ этилган.