ЖССТ: COVAX дастури бўйича вакциналар шу ойдан тарқатила бошланиши мумкин

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг иммунизация бўйича директори Кейт О'Брайан 7 январь куни оз даромадли мамлакатлар учун мўлжалланган COVAX эмлаш лойиҳаси доирасида жорий ойда коронавирусга қарши вакциналарни етказиб бериш жараёни бошланишини билдирди.

Айни дамда ташкилот Европада коронавируснинг янги штамми тарқалаётганидан хавотир изҳор қилди.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, дунё миқёсида коронавирус юқтирганлар сони 88 миллиондан, коронавирус инфекцияси туфайли нобуд бўлганлар сони эса 1,89 миллиондан ошиб кетган.

О'Брайан COVAX лойиҳаси Эпидемияларга тайёрлик бўйича инновациялар коалицияси (CEPI) ва ПФМШ вакцина альянси билан ҳамкорликда амалга оширилаётганини айтди. Лойиҳа доирасида бугунга қадар лозим бўлган 7 миллиард доллар маблағнинг 6 миллиарди тўпланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “COVAX” (Коронавирусга қарши вакциналаш) халқаро механизмига 170 дан ортиқ мамлакат қўшилган бўлиб, улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Шунингдек, лойиҳа кўплаб номзод вакциналар, жумладан баъзи мамлакатларда аллақачон тасдиқланган AstraZeneca/Оксфорд ва Moderna вакциналарини ўз ичига олади.